Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ICBA билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда
2020-07-10 | Иқтисодиёт
2019 йилда мамлакатда барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қўшма фаолиятни фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) ўртасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилди. Вазир Жамшид Ходжаев ва ICBA бош директори Исмахане Елоуфаи ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди.
Келишув экинларни диверсификациялаш, чорвачилик ва ўрмон хўжалигини интеграциялашган тизимлари, уруғчиликка оид дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда инновацион технологиялар ва ёндашувларни жорий қилишдаги ҳамкорликни кўзда тутади.
Вазир Жамшид Ходжаев ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширишдаги аниқ мақсадларга тўхталди:
— Ўрта Осиё минтақаси озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида кўплаб муаммоларга дуч келмоқда ва ер суғориш учун сув етишмаслиги ҳамда тупроқ емирилишининг кучайиши, ҳосилдорликнинг 20-30%га пасайиши шароитида аҳолини юқори оқсилли маҳсулотлар билан таъминлаш зарурати пайдо бўлмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш шароитида шўрланишга бардошли янги ўсимликларни жорий этиш муҳим аҳамият эга. Ўзбекистонда киноа (Chenopodium quinoa Willd.) ўсимлигининг юқори оқсилли маҳсулот сифатидаги аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли озиқ-овқат таъминоти ва чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш учун озуқа базасини яратиш заруратидан келиб чиқиб, 2020 йилда Қорақалпоғистон республикасида киноа экиш бўйича 4 та ер участкаларида илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда.
ICBA бош директори, доктор Исмахане Елоуфаи шундай дейди:
- Биз Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан мамнунмиз. Ушбу келишув ҳамкорлигимизни янада ривожлантиради. Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказдаги бизнинг иштирокимизни кенгайтиради. Биз инновацион технологиялар ва ёндашувлардан фойдаланган ҳолда, мамлакатнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қишлоқ аҳолиси, айниқса, Орол денгизи ҳавзасида истиқомат қилувчиларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, турмуш тарзи учун зарур шарт-шароитларни яхшилашга ҳаракат қиламиз.
Келишувга мувофиқ, томонлар шўрланишни бошқариш ҳамда ер ва сув унумдорлигини ошириш соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишади.
Бундан ташқари, ҳамкорликдаги фаолият иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, экотизим хизматларини ва агроэкотизимнинг барқарорлигини баҳолаш орқали экологик барқарорлик бўйича чора-тадбирларни тадқиқ этишга қаратилади.
ICBA товар ва озиқ-овқат экинлари, шу жумладан, йиғим-терим, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва маркетинг, қишлоқ жойларида ҳаёт кечириш учун зарур шарт-шароитлар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат таъминоти учун қўшимча қиймат занжирини ривожлантириш бўйича сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқишда ёрдам беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги