Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Халқаро меҳнат ташкилотининг COVID-19 даврида Меҳнат муносабатлари бўйича глобал саммити иштирокчиларига мурожаат йўллади
2020-07-09 | Сиёсат
ЖEНEВА, 9 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг COVID-19 даврида Меҳнат муносабатлари бўйича глобал саммити иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Женева саммитида 80 дан ортиқ давлат, ҳукумат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси раҳбарлари иштирок этди. Тадбирни Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер олиб борди.
Олий мартабали меҳмонлар қаторида Швейцария Президенти Симонетта Соммаруга хоним, Ирландия Президенти Майкл Хиггинс, Жанубий Корея Президенти Мун Жэ Ин, Колумбия Президенти Иван Дуке Маркез, Германия Канцлери Ангела Меркель, Испания Бош вазири Педро Санчез, Италия Бош вазири Жузеппе Конте, Канада Бош вазири Жастин Трюдо, Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий, Покистон Бош вазири Имрон Хон ва бошқалар қайд этилди. Улар миллий, минтақавий ва халқаро даражада пандемия салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича ўз мамлакатларида кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот тақдим этди.
ХМТ раҳбари таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев онлайн ташкил қилинган глобал саммит иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида жорий йил бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал кун тартибидаги энг муҳим масалага айланганини таъкидлади. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий таъсирини бевосита ёки билвосита сезмайдиган бирор мамлакат ёки минтақа йўқлигини қайд этди.
Ушбу ва бошқа глобал муаммоларга самарали ечим топиш учун биринчи навбатда келишилган ҳаракатлар зарур. Халқаро меҳнат ташкилоти Глобал саммитни ташкил қилиш орқали «соатларни тўғрилаб олиш» учун қулай платформадир.
Пандемия шароитида иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан бирга, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу Халқаро меҳнат ташкилотининг юз йиллик декларациясида белгиланган ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадларига тўлиқ мос келади.
Мурожаатда ХМТ конвенцияларининг миллий қонунчилик ва амалиётда имплементация қилиниши, хусусан, уч томонли маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда уч томонлама ижтимоий мулоқот ривожланишига кучли туртки бўлгани қайд этилди.
Пандемия даврида “трипартизм плюс” тамойилига мувофиқ, инқирозга қарши чораларни ишлаб чиқиш жараёнида бизнес, касаба уюшмалари, нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда. Бу аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилувчи инқирозга қарши дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кафолатидир.
Таъкидланганидек, пандемия барқарор халқаро муносабатларни ривожлантиришда қатор муаммолар борлигини ва фавқулодда вазиятларда глобал стратегик ҳаракатлар режасининг йўқлигини намоён қилди.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари БМТ шафелигида Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Президентимизнинг фикрича, ушбу кодексда давлатларнинг ўз фуқаролари ва халқаро шериклари олдидаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги энг кам шартлари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилиши керак.
Хусусан, биринчидан, чеклов чоралари фақат вақтинча, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига мажбурий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.
Бундай чоралар халқаро савдога, айниқса тиббий маҳсулотларга, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилмаслик бўйича хавфларга мутаносиб бўлиши шарт.
Иккинчидан, пандемиянинг тез тарқалиши тизимли, ўз вақтида ва самарали профилактик чораларни кўриш зарурлигини, шу билан бирга, пандемия эълон қилинган вақтда соғлиқни сақлаш соҳасига ортиқча юкламалар юзага келишига йўл қўймаслик кераклигини кўрсатди.
Профилактик чоралар сифатида эса, биринчи навбатда, прогноз қилиш, тарқалишнинг эрта босқичларини аниқлаш, эпидемияга қарши туриш ва унинг оқибатларини камайтириш чоралари киради.
Учинчидан, пандемия меҳнат хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини кўрсатди. Бу тўғридан-тўғри янги касалликка қарши курашнинг бошида турган, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган тиббиёт ходимларига тегишли.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон билан ХМТ ўртасидаги муносабатлар жадал ва изчил ривожланмоқда.
ХМТ бош директори Гай Райдернинг 2018 йилда Ўзбекистонга ташрифи натижасида қабул қилинган «Йўл харитаси» муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Икки йил олдин ХМТ жамоаси кўмагида муносиб иш ўрниларини яратишга кўмаклашувчи Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси ташкил этилди. Тузилма халқаро меҳнат стандартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати таъминлаб келмоқда.
Шу йилнинг 12 июнь куни Сенат раиси Танзила Норбоева билан ХМТ раҳбари ўртасидаги видеоконференцияда Гай Райдер 2018 йил декабрь ойида Ўзбекистонга ташрифини ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувни илиқ хотира билан ёдга олди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ташриф унга Президент раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларни яхшироқ тушунишга ёрдам берди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар юқори баҳоланди: «Мамлакатингизни улкан муваффақиятлар билан табриклайман». У мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганини ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ҳамда кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларда иштирок этишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.
«Халқаро ташкилотлар ва жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги улкан ютуқларини эътироф этмоқда», деди ХМТ бош директори Гай Райдер.
«Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан амалий ҳамкорлик туфайли ташкилотнинг конвенцияларини амалга оширишда ютуқларга ва натижаларга эришганидан мамнунман. Мамлакатингизда меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, Ўзбекистон мамлакат учун муҳим бўлган бошқа конвенцияларга қўшилишда давом этади», деди ХМТ раҳбари.
Гай Райдернинг таъкидлашича, ташкилот бундан буён ҳам уч томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади: «Ўзбекистонда “трипартизмнинг имплементация қилиниши муҳим қадам ҳисобланади.
Ўзбекистон Президенти томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовордир», деди Гай Райдер.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги