Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир 3D принтерни кимга совға қилди?
2020-07-09 | Инновация
2020 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Андижон Давлат Университетида ёш олимлар вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокида учрашув ўтказди. Инновацион ривожланиш вазири барча саволларга жавоб бериб, мавжуд муаммоларни ечишда кўмак берилишини, юртимиз илм-фани ва инновацион ривожига ҳисса қўшиш йўлида меҳнат қилаётган олимлар ва тадқиқотчилар вазирлик томонидан қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида тадқиқотларни амалга оширишда айрим қийинчиликларга дуч келаётган ёш олимларга амалий ёрдам берилиши айтилиб, тадбир давомида мурожаат қилган ёш олимларга вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида лаборатория ишларини амалга ошириш учун шароит яратилишини айтди. Тадбир иштирокчиларидан бири илмий изланиш қилаётган Муҳаммаджон Маҳмудов лаборатория учун зарур бўлган 3D принтер зарурлигини айтиб мурожаат қилган эди. Ёш тадқиқотчининг мурожаати инобатга олиниб, вазирнинг июнь ойидаги Наманганга ташрифи доирасида лаборатория учун 3D принтер тақдим этилди.
‒ Ҳозирча бу биз учун янгилик, албатта ушбу принтерни шу вақтга қадар фақатгина интернетда кўрганмиз, — дейди Муҳаммаджон Маҳмудов. — Мана шу ҳафтада уни амалиётда қўлладим. Ҳозир ушбу принтер ёрдамида ўқув жараёнида фойдаланиш учун 12 турдаги робототехника датчиклари комплектидан иборат жиҳозларнинг корпуслари моделларини яратмоқчимиз. Шунингдек, физика йўналишида бизда турли хил ишланмалар мавжуд бўлиб, ушбу ишланмаларни 3D моделини яратиш ҳаракатидамиз. Бундан ташқари, мазкур принтердан фойдаланиш бўйича ўзбек тилида қўлланма ҳам яратмоқчимиз.
Муҳаммадхон Маҳмудов 1997 йили Наманган вилояти Норин туманида туғилган. Дастурлашни 16 ёшидан бошлаган. 9-синфда ўқиб юрган кезлари информатика фан олимпиадасининг якуний босқичида 2-ўринни эгаллаган. Биринчи дастурлаш тили PascalABC.NET бўлган. 2013 йили Наманган транспорт ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежига ўқишга кирган. Коллеж даврида информатика фан олимпиадаси ва халқаро ISPS дастурлаш олимпиадасида иштирок этган. Коллежни имтиёзли диплом билан битириб, 2016 йили Андижон Давлат университетининг Физика-математика факультети, Информатика ва ахборот технологиялари йўналишига грант асосида ўқишга кирган. Университетда 4 марта информатика бўйича республика фан олимпиадаси, 2 марта халқаро ISPS дастурлаш олимпиадаларида, бошқа тадбирлар ва лойиҳаларда иштирок этган. Факультетда ташкил этилган робототехника лабораториясида фаолият юритмоқда.
Муҳаммадхоннинг фикрича, соҳада айрим камчиликлар ҳам мавжуд бўлиб, булардан асосийси ҳозирги кунда информатика ва ахборот технологиялари бўйича ўзбек тилида материаллар етишмаслигидир. Ёшлар ахборот технологияларига қизиқадилар, лекин аксарияти ўзбек тилида адабиётлар ва маълумотлар бўлмагани учун ўз фикридан қайтади. Чет тилларини мукаммал билмаган ёшлар янги билимларни мустаҳкамлаб ололмайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги