Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегацияси Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этди
2020-07-09 | МДҲ
МДҲга аъзо давлатлар Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг 15-йиғилишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси - Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари иштирок этди.
Видеоанжуман шаклида ташкил этилган йиғилишда Кенгашга аъзо давлатлар (Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон) делегациялари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси ва Молиявий мониторинг бўйича халқаро ўқув-методик маркази вакиллари қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, делегациялар томонидан Евроосиё минтақасида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ муҳим масалалар, шунингдек мазкур соҳадаги миллий тизимларни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан чоралар муҳокама қилинди.
Жумладан, кун тартибидаги асосий масалалардан бири жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хатарини баҳолаш бўйича халқаро марказни яратиш лойиҳаси бўлди.
Ушбу марказга ҳуқуқий мақом бериш ҳамда Кенгашга аъзо давлатларнинг ушбу лойиҳа доирасида ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Кенгаш йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси томонидан ташаббус қилинган криптовалюта айланмаси юзасидан ўтказилган таҳлилий тадқиқот натижалари тасдиқланди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари криптовалюта тизимида криминоген вазиятни мониторинг қилиш бўйича ишларни амалга оширишга келишиб олдилар. Йиғилиш доирасида делегациялар томонидан Кенгаш ва унинг ишчи гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг бу каби халқаро тадбирларда иштирок этиши жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги миллий тизим салоҳиятининг ошишига, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг кучайишига хизмат қилади.
Манба: ЎзА