Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея Миллий ассамблеяси спикерининг ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди
2020-07-08 | Сиёсат
Жорий йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Сеулга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикерининг ўринбосари Ким Санг Хи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар шерикликни назарда тутган ҳолда парламент дипломатиясини изчил кенгайтириш ва Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни жадал ривожлантириш бўйича ўзаро чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди. Ҳар икки мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатувчи ўзаро ҳамкорликнинг стратегик аҳамияти таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан ҳар икки мамлакат парламентларида ташкил этилган дўстлик ва ҳамкорлик уюшма ва гуруҳларининг алоҳида мувофиқлаштирувчи роли ҳам қайд этилди.
Биргаликда янги ташаббус ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати номидан Корея билан савдо, инвестиция, молия, таълим, илм-фан, тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини янада оширишга катта қизиқиш билдирилди. Шу нуқтаи назардан Корея томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ташаббуси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Шунингдек, бу жараён Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш динамикасига ижобий таъсир кўрсатиши ҳам таъкидланди.
Ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини мустаҳкамлашни таъминловчи шунингдек, давлатнинг бизнес ва инвесторлар билан муносабатларини тартибга солувчи илғор қонунчилик меҳанизмларидан фойдаланиш мақсадида Корея ҳуқуқшунослик тажрибасини яқиндан ўрганишга келишиб олинди.
Эришилган келишувларни самарали амалга ошириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик шакллари ва механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ҳар икки мамлакат парламентлари ва ҳукуматларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги