Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги журналистлар ўртасида танлов эълон қилади
2020-07-08 | Жамият
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигининг юксак ютуқларини оммалаштириш, журналистларнинг қишлоқ аёллари мавзусини мунтазам ёритиб боришларини рағбатлантириш ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг қишлоқ хўжалигида журналистик позицияларини кенг намоён этишларини таъминлаш мақсадида танлов эълон қилади.
Қишлоқ аёллари, уларнинг жамият тараққиёти, аҳолини қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги роли, қишлоқларимизни ободонлаштиришдаги хизматларини эътироф этган ҳолда БМТнинг 2007 йил 18 декабридаги Бош Ассамблеяси йиғилишида қайд этилган 15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни дунёнинг кўплаб мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланиб келинмоқда.
Танловга тақдим этилган материалларда бугунги кунда қишлоқ аёлларининг республиканинг ижтимоий-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва жамиятда тутган ўрни, уларнинг муваффақиятлари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, қишлоқларнинг ободлигида хотин-қизларнинг ўрнига қаратилган мавзулар акс этиши лозим.
Танлов ғолиблари 2 та номинация бўйича аниқланади:
I. “Аграр соҳадаги фидоий аёл”
II. “Қишлоқларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги фаол аёллар”.
Ҳар бир номинация бўйича ғолиблар қуйидаги йўналишларда тақдирланади:
Энг яхши журналистик материал учун (телевидение — 1, 2, 3-ўринлар);
Энг яхши журналистик материал учун (радио — 1, 2, 3-ўринлар);
Энг яхши журналистик материал учун (босма оммавий ахборот воситалари, интернет журналистика — 1, 2, 3-ўринлар);
Бундан ташқари танловда бош соврин эгаси аниқланиб, соҳада фидойи хизмат кўрсатаётган ёш журналистлар рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланади.
Танлов шартлари:
Танловга теле, радио, босма материаллар ҳамда интернет нашрларида эълон қилинган ишлар тақдим этилади.
Материалларга паспорт нусхаси, муаллиф ҳақидаги маълумот, ўзи фаолият олиб борувчи ташкилотдан тавсифнома, юборилган материал ҳақидаги маълумот илова қилиниши лозим.
Ғолибларни тақдирлаш маросими 2020 йил 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни бўлиб ўтади.
Танловга 2019 йил 15 октябрдан 2020 йил 1 октябригача телевидение, радио, матбуот, интернет нашрларда эълон қилинган материаллар 2020 йил 5 сентябрдан 5 октябргача қуйидаги манзилга юборилиши лозим:
100140, Тошкент вилояти, Қибрай тумани,
Университет кўчаси, 2-уй.
(0-371) 263 01 46, (0-371) 263 11 75, +99894 618 10 14
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги