Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташувларини амалга оширишда фаоллик кўрсатмоқда
2020-07-08 | Иқтисодиёт
"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жўнатувчиларга, экспортёр, деҳқон ҳамда тадбиркорларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида бир қатор имтиёзлар тақдим этилган. Компания таркибидаги "ЙўлРефТранс" аксиядорлик жамиятига тегишли совутгичли рефрижератор вагонларда юк ташиш хажми ўтган 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 2020 йилнинг олти ойи давомида 2,5 баробарга ошди.
Ҳар йили анъанавий тарзда совутгичли рефрижератор вагонларда экспортга ташиладиган помидор, бодринг, карам, сабзи, пиёз, кўкатлар каби полиз маҳсулотларидан ташқари 2020 йилда гилос, лимон, ўрик, узум каби боғдорчилик маҳсулотлари Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасининг турли ҳудудларига етказиб берилмоқда.
Шу қаторда, "ЙўлРефТранс" акциядорлик жамияти жорий йилда аҳолига зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш мақсадида, импорт маҳсулотларни ташишга ҳам эътибор қаратмоқда. Жумладан жорий йилда совутгичли рефрижератор вагонларда қарийиб 53 000 тонна картошка ва 200 тоннадан ортиқ ёғ-мой маҳсулотлари олиб келинди.
Бундан ташқари "ЙўлРефТранс" акциядорлик жамияти томонидан импортёрлар билан ҳамкорликда рефрижератор вагонларда Болтиқ бўйи мамлакатларидан гўшт ва сут маҳсулотларини ташиш учун шартномалар имзоланган.
Бугунги кунда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти рефрежератор вагонларда ҳўл-мева ва сабзавот маҳсулотлари учун талаб қилинган ҳароратни сақлаган ҳолда Республикамизнинг исталган ҳудудидан, МДҲ ва Болтиқ бўйи давлатларининг барча ҳудудларига кафолати таъминланган ҳолда маҳсулотларни етказиб беради.
Қўшимча маълумотлар учун: (71)237-80-20. "ЙўлРефТранс" АЖ +998(90) 938-40-00 рақамли "Temiryo‘llogistik" Телеграм канали.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги