Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея Бош вазирининг ўринбосари билан музокаралар бўлиб ўтди
2020-07-08 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 6 июль куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасидаги жорий иқтисодий ҳамкорлик таҳлил қилинди ва икки томонлама шерикликни кенгайтириш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Мулоқот чоғида Корея - Ўзбекистон муносабатлари алоҳида стратегик аҳамиятга эга эканлиги қайта-қайта таъкидланиб, энг юқори даражада амалга оширилган ўзаро ташрифлар давомида эришилган келишувларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши томонлар учун умумий устуворликка эга эканлиги алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Корея ҳукумати ва йирик корпорациялари томонидан тақдим этилган тест тизимлари, тиббий асбоб-ускуналар ва инвентарлар, шунингдек, бир неча ой давомида ўзбек шифокорларига пандемия тарқалишига қарши курашишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистонга юборилган юқори малакали мутахассисларнинг ёрдами учун миннатдорчилик билдирилди.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва аҳолининг энг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида техник ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи “COVID-19 га тезкор жавоб чоралар кўриш дастури”ни амалга ошириш мақсадида грант ёрдамини ажратиш тўғрисидаги қарори учун Корея ҳукуматига алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Ўзбекистоннинг Корея Президенти томонидан юритилаётган “Янги Шимолий сиёсат”ини қўллаб-қувватлашга ва ушбу ташаббус доирасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга қатъий нияти борлиги билдирилди. Ушбу дастур Кореянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажмини сезиларли даражада оширишга, шунингдек, Корея ва минтақа давлатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва АКТ каби соҳаларда инвестиция ҳамкорлигини рағбатлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни фаоллаштиришга қаратилган.
Корея иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон-Корея молиявий-техник ҳамкорлигининг янги 3 йиллик дастурини ишлаб чиқиб, бюджетини 1 млрд долларгача ошириш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Маълумот учун: ҳозирги вақтда 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури якунланмоқда, унинг доирасида соғлиқни сақлаш, геодезия ва картография, АКТ ва таълим соҳаларида 500 млн долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Корея томони тегишли тартиб ва жараёнларни жадаллаштириш ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган қатор янги лойиҳаларни илгари суриш орқали Корея Эксимбанки ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси (EDCF) билан биргаликда янги лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Устувор тармоқлардаги истиқболли лойиҳаларга, жумладан, Корея қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ масалалари вазирлиги кўмагида картошка уруғчилигини ривожлантириш лойиҳаси, илғор қурилиш технологиялари ва стандартларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон-Корея тадқиқот марказини ташкил этиш, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги рақамли инновациялар учун Корея-Ўзбекистон ҳамкорлигининг пилот моделини жорий этиш, кадрлар тайёрлаш, ўқитиш, ривожлантириш ва инновацион давлат мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича комплекс марказини қуриш каби қатор лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Корея томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида икки томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётгани, хусусан, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳи раиси - Кореянинг Женевадаги Фавқулодда ва Мухтор элчисининг амалий ёрдами ҳамда Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти билан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш оқибатларини баҳолаш бўйича яқин ҳамкорлиги эътироф этилди. Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиши ва унинг кўп томонлама глобал савдо тизимига интеграциялашуви ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш учун янги имкониятлар очиб бериши таъкидланди.
Бундан ташқари, Корея ҳукуматининг Орол экологик фалокатининг салбий оқибатларини камайтириш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳам билдирилди, шу боис Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш доирасида молиялаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Учрашув якунида томонлар янги инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли шартномалар портфелини кенгайтириш мақсадида ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича келишиб олдилар. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, ҳар икки мамлакат Бош вазирлари ўринбосарларининг 3-учрашувини шу йилнинг сентябрь ойида ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги