Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Диабетик товон синдромини даволаш натижаларини баҳолаш учун электрон дастур
2020-07-07 | Фан
Дастур диабетик товон синдромида беморнинг соғайиш даври ҳақидаги маълумотларни олиш учун мўлжалланган.
Диабетик товон синдроми периферик нерв системаси, артериал ва микроцеркулятор системаси патологик ўзгаришларини ўз ичига олади. У бевосита ярали некратик жараён ва товон гангренасини келтириб чиқарувчи хасталик ҳисобланади.
Касаллик этиопатогенезида инсулин етишмаслиги ҳисобига келиб чиқиши аниқланган. Қандли диабет хасталиги билан оғриган беморларнинг 20 йил ичида 80 фоизида диабетик товон синдроми ривожланган. Товондаги яра ва гангреналарнинг асосий сабаби ташқи травмадан юзага келади.
Бу ўзгаришлар асосида узоқ муддат давомида қондаги қанд миқдорининг меъёридан баланд туриши оқибатида келиб чиқадиган диабетик нейропатия (оёқдаги асаб толаларининг зараланиши), микро- ва макроангиопатия (кичик ва катта қон томирларнинг зарарланиши) ётади.
Дастурнинг функционал имкониятлари қуйидагилардан иборат:
• киритилган маълумотлар асосида бемор касалликнинг қайси босқичида эканини, клиник-лаборатор шкалаларнинг мослик даражасини, иммун тизими ҳужайраларининг миқдорини аниқлаш;
• маълумотлар асосида касалликнинг тузалиш босқичини аниқлаш;
• бемор ҳолатини клиник шкала бўйича баҳолаш, шкала кўрсаткичи паст бўлганда жарроҳлик йўли билан даволаш учун кўрсатма бериш;
• бемор қонидаги яллиғланиш кўрсаткичларини лаборатор аниқлаш ва шунга кўра бемордаги тузалиш босқичини аниқлаш.
Касалликни консерватив даволаш йирингли жарроҳ, эндокринолог, терапевт, қон-томир жарроҳи, реанимотолог ва бошқа мутахассислар ҳамкорлигида олиб борилади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан дастур муаллифлари Б.Хамдамов, И.Хамдамов, К.Газиев ва Ш.Гадоевга “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра DGU 08104 рақамли гувоҳнома берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги