Афғонистон бўйича “Тинчлик учун консeнсусни мустаҳкамлаш” мавзусидаги видeоконфeрeнция тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистон бўйича “Тинчлик учун консенсусни мустаҳкамлаш” мавзусидаги онлайн видеоконференцияда иштирок этди.
Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазрилиги томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакат президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, шунингдек, Афғонистон бўйича “Осиё юраги – Истанбул жараёни” ва “Қобул жараёни” форматларига аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди.
Конференцияни мезбон давлат ТИВ раҳбари Ҳаниф Атмар олиб борди.
Афғонистон Президенти Ашраф Ғани инклюзив афғонлараро музокараларни бошлаш тўғрисида келишувга эришилиши долзарблиги, бу мамлакатда зўравонлик камайишига олиб келишини қайд этди. Афғонистоннинг “Осиёда тотувлик марказига” айланиши ва минтақавий муштаракликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Афғонистон раҳбари чегара узлуксиз ишлаётганини қайд этаркан, коронавирус пандемияси шароитида гуманитар ёрдам кўрсатаётган қатор мамлакатларга, жумладан Ўзбекистонга миннатдорлик изҳор этди.
Мулоқот чоғида Афғонистондаги можарони ҳал қилиш ҳамда афғонлараро тинчлик музокараларини тезроқ бошлаш бўйича халқаро интилишлар ҳам муҳокама қилинди.
Можародан кейинги Афғонистонда барқарор тизим ўрнатиш, мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ҳамда мазкур давлатдаги сиёсий жараён ривожланишида афғон халқининг раҳбарлик роли тамойилига амал қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш катта аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Видео анжуманда Афғонистонга ҳар томонлама кўмаклашишнинг устувор йўналишлари тўғрисида батафсил фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги