Мамлакатимизда барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан бўладиган муносабатларда уларнинг ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларида Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимларининг қонуний талабларини муайян муддатларда кўриб чиқиш белгиланган.
Шунга қарамасдан бу борада тегишли қонун бузилиш ҳолатларини содир этаётган мансабдор шахслар ҳам учрамоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи ходимлари берган маълумотга кўра, ташкилотга Шаҳрисабз туманида фаолият юритувчи «Э» номли фермер хўжалиги раҳбари бузилган ҳуқуқини тиклаш мақсадида мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан фермер хўжалигига тегишли амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 21 май куни Шаҳрисабз туман ҳокимлигига сўров хати юборилган. Сўров хатини ижро қилиш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари «О.Қ»га йўналтирилган.
Сўров хатида мурожаат юзасидан тегишли маълумотлар жорий йилнинг 28 май кунига қадар тақдим қилиниши кўрсатилган бўлсада, «О.Қ» томонидан сўров хати беэътибор қолдирилган.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга унинг фаолиятида кўмаклашиши, у томонидан сўралаётган, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бўлган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан тақдим этиши шарт.
Юқоридаги қонун бузилиш ҳолати юзасидан ҳоким ўринбосари «О.Қ»га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди.
Шаҳрисабз туман маъмурий судининг жорий йил 24 июндаги қарори билан ҳоким ўринбосарига жарима жазоси тайинланди.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА
Манба: ЎзА