Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон - Корея: савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси
2020-07-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 6 июль куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Сонг Юн Мо билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари ва уларни янада ривожлантириш механизмлари муҳокама қилинди.
Ўзаро савдо ривожланишида кузатилган ижобий ўзгаришлар эътироф этилди - 2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги савдо айланмаси 27 фоизга ошди ва 2,7 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган 5 йил давомида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Учрашув иштирокчиларининг умумий фикрига кўра, ўзаро савдо ҳажмини 2023 йилга бориб 5 млрд долларга етказиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, эркин савдо битими лойиҳасини идоралараро келишиш босқичига ўтишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Ҳужжат лойиҳаси бўйича дастлабки ўрганишлар жорий йилнинг июнь ойи охирида якунланган.
Шунингдек, Кореянинг жалб қилинадиган грант маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган Ўзбекистон миллий онлайн-электрон савдо платформасини яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш тартиби ва шакли юзасидан келишиб олинди.
Янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг Корея бозорига осонроқ кириши масалалари муҳокама қилинди ва бу борада ҳар икки мамлакат карантин хизматлари ҳамкорлигини кучайтиришга келишилди. Бу ҳамкорлик шунингдек, Ўзбекистон экспорт қилаётган маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш ва Европа Иттифоқи ҳамда ички бозорни ҳимоя қилиш даражаси юқори бўлган бошқа мамлакатлар бозорларига кириш имконини беради. Бу йўналишда Корея томони Ўзбекистонда ўсимликлар карантини соҳасида замонавий лаборатория ташкил этилишига ва кадрларни тайёрлашга кўмаклашади.
Инвестиция ҳамкорлигини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига, жумладан, юқори даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, 79 устувор инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати ҳозирги кунда 17,3 млрд долларни ташкил этади. Лойиҳаларни амалга оширишда кечикишлар юзага келиши хавфини камайтириш ҳамда ташаббускорларига икки мамлакат ҳукуматлари томонидан мақсадли ёрдам бериш учун икки томонлама ҳамкорликнинг муҳимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, машинасозлик, электротехника, тоғ-кон, нефть-кимё, кимё, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва Корея тадбиркорлари ҳақли равишда дунёда етакчи ўринни эгаллаб турган бошқа соҳаларда қўшимча лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестиция ҳамкорлигини ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Электромобилларни ишлаб чиқариш, стартапларни ишга тушириш, махсус ва венчур жамғармаларини ташкил этиш, технологик парклари ва инновация марказларини бошқаришда Корея тажрибасини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистондаги тўқимачилик технологиялари паркларининг ишлаб чиқариш базасида тиббий ҳимоя костюмлар ва ниқоблар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти ўрганилади.
Учрашув давомида Корея томони Ўзбекистоннинг саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида мамлакатимизда истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнига Кореянинг етакчи компанияларини жалб этиш орқали ҳамкорликни тизимли асосда ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон - Корея ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги 10-чи йиғилишини ўтказиш, шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида Сеулда ҳар икки мамлакат ишбилармон доираларини таклиф этган ҳолда бизнес-форумни ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Учрашув натижасида томонлар ҳар икки мамлакат тегишли вазирликларининг тизимли ҳамкорликда иш олиб боришига келишди. Ва шунинг ҳисобига муҳокама этилган шериклик йўналишлари устида биргаликда ишлаш бўйича кейинги режалар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги