Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Илмий-техник кенгашлар раҳбарлари билан учрашув ўтказилди

2020-07-06 | Фан

3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича Илмий техник кенгашлар (ИТК) раҳбариятининг вазир Иброҳим Абдураҳмонов раислигида мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда ИТК раислари, раис ўринбосарлари ва илмий котиблари иштирок этдилар.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида фан йўналишлари бўйича 16 та ва стартап лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун битта Илмий-техник кенгаш фаолият юритади. Бугунги кунга келиб ИТКлар таркибига жами 450 нафардан ортиқ олимлар, стартаплар бўйича ИТКларга эса 20 нафардан ортиқ бизнес вакиллари ва стартапчилар жалб қилинган. Бунда 7 нафар академик, 172 нафар профессор, 55 нафар доцент, 63 та фан доктори ва 37 та фан номзоди,14 та фалсафа доктори (PhD) мавжуд. Аъзоларнинг ўртача ёши 52 ёшни ташкил этмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инновацион ривожланиш вазирилиги янги биносига ташрифи давомида берган топшириқларининг ижроси муҳокама қилинди.

Тадбирда ИТКнинг дастлабки мажлисларида Ўзбекистон Республикаси «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган «Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низом», “«Стартап» лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом”, «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги низом»нинг мазмун-моҳияти тушунтирилгани қайд этилди. Ўз навбатида ҳар бир ИТК аъзоси томонидан коррупцияни олдини олиш мақсадида мажбуриятнома имзолангани ҳам айтиб ўтилди.

Иброҳим Абдураҳмонов Вазирлик томонидан ўтказилаётган илмий фаолиятга доир Давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажариладиган илмий-техник лойиҳалар танловига топширилган лойиҳаларни ИТК мажлисларида ўрнатилган тартибда шаффоф, объектив ва одилона ўтказилиши борасида гапираркан, экспертиза хулосалари, ИТК қарорларини ўрнатилган тартибда расмийлаштирилиши, кўчирмакашликка йўл қўймаслик, лойиҳа ижрочиларининг салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидлади.

Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мамлакатимизда инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида жамият ва давлат ҳаётини ҳар томонлама ривожлантиришга, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади ҳамда илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланади.

Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат буюртмасига киритиш учун иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммоларини ва реал эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилиш ва ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий тадқиқотлар бўйича белгиланган тартибда ва шаклда асосланган таклифлар тайёрлаб, Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий сўровига асосан ёки ихтиёрий равишда кўриб чиқиш учун мунтазам равишда тақдим этишлари мумкин.

Бугунги кунга қадар илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида эълон қилинган 29 та тур давомида 16 та фан йўналиши бўйича умумий қиймати 494,47 млрд сўм бўлган жами 331 та, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб муаммолари бўйича эса умумий қиймати 16,1 млрд сўм бўлган 20 та, ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳалари танлови учун умумий қиймати 30,1 млрд сўм бўлган 30 та, умумий қиймати 540,67 млрд сўм бўлган жами 381 та амалий ҳамда инновацион лойиҳалар мавзулари эълон қилинди. Эълон қилинган тематик мавзуларнинг 169 таси инновацион, 212 таси амалий лойиҳалар мавзулари ҳисобланади.

Йиғилиш давомида олимлар илмий лойиҳалар танловларига ҳужжатларни топшириш, грант маблағларини ўзлаштириш бўйича қатор саволларига жавоблар олдилар. Хусусан грантларга ҳужжатлар топшириш бўйича амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ташкил этиш лозимлиги қайд этилди. Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан айнан шу масалага қаратилган махсус йўриқномалар яратилиши лозимлиги таъкидланди. Бунда илмий лойиҳалар танловларида ғолибликни қўлга киритган олимларнинг тажрибалари мисол тариқасида келтирилиши, уларнинг босиб ўтган йўллари таҳлилий акс эттирилиши кураклиги ҳақида гапирилди.

Шунингдек олимлар лабораторияларга асбоб-ускуналар сотиб олиш учун биржа харидларида айрим қийинчиликларга дуч келаётганликлари ва бу муаммонинг ечимини топа олмаётганини айтдилар. Вазир бу масалани ҳал этишда биржа маклерларининг хизматидан фойдаланиш самарали натижаларга олиб келиши мумкинлиги борасида маслаҳат берди.

Ўз навбатида олимларга давлат буюртмасига киритиш учун тематик лойиҳа эълони учун таклифларни шакллантиришда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилиши шартлиги эслатилди:

-илмий-тадқиқот мавзусининг долзарблиги ва тематик лойиҳа мавзусида аниқ якуний маҳсулотга буюртмани акс этганлиги;

-фан ва технологиялар ривожи учун устуворлиги;

- иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларининг аниқ муаммоларини ҳал этишга қаратилганлиги;

-лойиҳа натижасида якуний маҳсулотни яратилиши асосланганлиги;

-ишланманинг рақобатбардошлилиги;

-тайёр маҳсулотни ишлаб чиқишга йўналтирилганлиги;

-лойиҳа натижаларининг тижоратлаштириш имкониятининг мавжудлиги;

-лойиҳанинг натижадорлиги (маҳсулот ёки такомиллаштирилган технология);

-лойиҳанинг молиялаштириш прогноз ҳажмлари белгиланганлиги.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться