Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий таълим муассасаларида қабул жараёнининг бориши танқидий таҳлил қилинди
2020-07-06 | Таълим
4 июль куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов раҳбарлигида ОТМларда қабул жараёнларининг бориши масалаларига бағишлаб видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилиш танқидий руҳда ўтди.
Унда олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорлари, ўқув ишлари бўйича проректорлар, ўқув-услубий бошқарма бошлиқлари, қабул бўйича масъул котиблар, магистратурага қабул бўйича масъул ходимлар иштирок этди.
Дастлаб охирги пайтда ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик эътиборига етказилган олий таълим муассасалари (НамДУ, СамДАҚИ, БухМТИ, Нукус ДПИ, СамДУ, ТДЎТАУ, ЎзДЖТСУ) ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий ҳолатлар танқидий муҳокама қилинди. Бу масалада ректорлар, таълим муассасасидаги маънавий-ахлоқий муҳит учун масъул бўлган проректорлар фаолиятига салбий баҳо берилди.
Ходимни ишга қабул қилишда унинг аввалги фаолияти, шахсий индивидуал-психологик хусусиятлари етарли даражада ўрганилмаганлиги шундай ҳолатларни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири эканлиги таъкидланди.
Бундай ходимнинг илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланмасдан, йиллар давомида ассистент, катта ўқитувчи лавозимида ишлашининг ўзи кишини ўйлантириш керак: унинг мақсади нима, илмий-педагогик фаолиятга лаёқати борми деган саволларга ҳар бир раҳбар жавоб излаши зарур.
Мазкур масалада профилактика ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди. Жумладан, ҳар бир олий таълим муассасасида онлайн мулоқотлар орқали профессор-ўқитувчилар, ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда расмий веб-сайтда, ОАВдаги чиқишлар, расмий мурожаатлар воситасида ота-оналарни ҳам бундай ҳолатларнинг олдини олишга жалб этиш чоралари белгиланди.
Шунингдек, яна бир аҳоли томонидан норозиликлар келтириб чиқараётган муаммоли масала – call-марказлар фаолияти танқидий кўриб чиқилди.
Афсуски 4 июль куни соат 900 дан 1200 гача бўлган вақтда вазирлик ходимлари томонидан олий таълим муассасаларида ташкил этилган Call-марказларига ўрганиш учун қўнғироқ қилинганда ТДШУ, ТошДЎТАУ, ЎзХИА, ЎзХА, МРДИ, ТКТИ Янгиер филиали, ТДИУ, АнДУ, ТАТУ Самарқанд филиали, СамВМИ Тошкент филиали, БухТИда қўнғироқларга жавоб берилмаган бўлса, Қорақалпоқ тиббиёт институти ходимлари «Қоровулхонага тушдингиз» деб жавоб берганлигини қандай баҳолаш керак?
Call-марказга тажрибали ва масъулиятли ходимлар бириктириш белгиланган. Аммо берилган саволларга баъзи олий таълим муассасаларидан тўлиқ жавоб олинмади ва айрим олий таълим муассасаларида берилган оддий саволларга ҳам жавоб бериш ўрнига сансалорликка йўл қўйилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки Давлат тест марказига қўнғироқ қилишни маслаҳат бериш билан чекланмоқда.
Бундай ҳолатларТДПУ, ЎзМУ, ТМИ, СамДТИ, ТАҚИ, НукДПИ, ТошДСИ,СамДУ, СамДЧТИ, СамИСИ, ЎзЖОКУ, ТошДТУ Олмалиқ филиали, НавДКИ Нукус филиаларида кузатилди.
Зарурат бўлса, фаолияти талаб даражасида ташкил қилинмаётган сall-марказларга ўқув ишлари проректорларини, масъул котибларни доимий бириктириб қўйиш топширилди.
Тегишли олий таълим муассасалари раҳбарлари охирги марта огоҳлантирилиб, жамоатчилик эътирозларини келтириб чиқарётган омиллар сабабларини аниқлаш ва юқорида қайд этилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Сall-марказлар фаолиятини бундай «сирли қўнғироқ» усулида ўрганиш ва баҳо бериш ишлари узлуксиз амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги