Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзгаришлар ўзгартиришларни тақозо этмоқда
2020-07-03 | Иқтисодиёт
Давлат солиқ қўмитаси “Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банк Бошқаруви қарори сифатида тайёрланди.
Бугунги кунда, қонунчилик нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши хўжалик субъектлари томонидан амалга оширилаётган валюта операциялари турлари ва шакллари ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Бу эса ташқи савдо операциялари мониторинги борасидаги талабларни ҳам ўзгартиришни тақозо этмоқда.
Хусусан, 2013 йил 12 июнда Адлия вазирлигида 2467-сон билан рўйхатга олинган амалдаги Низомда офшор ҳудудларга амалга оширилган тўловлар юзасидан банклар томонидан давлат солиқ хизмати органларига маълумот тақдим этилиши белгиланган. Аммо мазкур ҳудудлардан қабул қилинаётган валюта маблағлари юзасидан маълумот тақдим этиш кўзда тутилмаган.
Мижозларнинг ташқи савдо шартномалари бўйича вужудга келган муддати ўтган дебитор қарздорлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишнинг ягона шакли белгиланмаган. Бу эса банклар томонидан маълумотлар ҳар-хил шаклда тақдим этилишига, натижада уларни умумлаштирган ҳолда назорат қилишда ноаниқлик ва қийинчиликлар юзага келяпти.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Низомга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- тижорат банклари томонидан солиқ органларига тақдим этиладиган маълумотлар турлари кенгайтирилиб, ҳисобот шакллари такомиллаштирилмоқда;
- божхона органлари томонидан солиқ органларига маълумотлар хорижий давлатлар божхона хизматларининг зарур маълумотлари асосида тақдим этилиши белгиланмоқда;
- валюта операциялари мониторинги жараёнида алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар ҳамда мониторинг натижасида амалга ошириладиган тадбирлар киритилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилаётган валюта операциялари мониторингини тартибга солади.
Мазкур лойиҳа муҳокамаси 2020 йил 16 июлгача давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси