Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уй моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти юзасидан маълумот
2020-07-03 | Маданият
Жорий йилнинг март-май ойларида Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уй биносини моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида рўйхатга олиш ва бинодан фойдаланиш бўйича қонунбузарликлар содир этилаётганлиги юзасидан ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи бир қанча фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаатларнинг кескин кўпайганлиги ҳамда ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамага сабаб бўлганлиги кузатилди.
Мазкур масалани атрофлича ўрганиш ва қонуний ҳал этиш мақсадида “JEMCHUG HOUSE” МЧЖ директори Т.Туракуловнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Илмий-эксперт кенгаши томонидан бир-бирини инкор этувчи қарорлар қабул қилинганлигидан норози бўлиб, ёзган аризаси бўйича Бош прокуратурадан келиб тушган йўналтирув хатига асосан Маданият вазирининг тегишли буйруғи билан махсус ишчи гуруҳ тасдиқланиб, хизмат текшируви ташкил этилди.
Хизмат текшируви хулосаларига кўра, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт кенгаши фаолияти давомида Яккасарой туманидаги Бобур кўчаси 7-уй биносини моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти рўйхатига киритиш ва киритмаслик бўйича бир-бирига номутаносиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя қилмаган ҳолда қарорлар қабул қилинганлиги аниқланди.
Ўз навбатида, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини тартибга солиш ва уни белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида назоратга олиш мақсадида жорий йилнинг 30 июнь куни Маданият вазирлиги раҳбарияти томонидан Илмий-эксперт кенгаши аъзолари билан тор доирада йиғилиш ўтказилиб, аниқланган камчиликлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунига кўра, Маданият вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган махсус ишчи гуруҳ хулосасини инобатга олган ҳолда, Яккасарой туманидаги Бобур кўчаси, 7-уй биноси бўйича қабул қилинган барча қарорлар бекор қилиниб, қайта тарихий-маданий экспертиза ўтказиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги