Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев иштирокида брифинг ўтказилди

2020-07-03 | Таълим

АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда Ф.Бабашев олий таълим муассасаларига қабул жараёнларида юзага келаётган қуйидаги қатор саволларга жавоб берди.

1. Ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар ҳам
111.500 сўм миқдорида пул тўлайдими?

Республика олий таълим муассасаларида ижодий имтиҳонга кирадиган абитуриентлар 111.500 сўм миқдоридаги пулни тўламайдилар. Бу фақат тест топширадиган абитуриентлар учун.

2. Сиртқи таълим шаклида ҳам 5 та йўналишни танлаш мумкинми?

Aбитуриентнинг 5 та йўналишни танлаш имконияти сиртқи таълим шаклида ҳам амал қилинади. Фанлар мажмуаси бир хил бўлса, Сиз бу имкониятдан фойдалана оласиз. Фақат сиртқи таълим шаклида ўқиш муддати 5 йилни ташкил этади.

3. Мен ҳозирда таҳсил олаётган университетимдан 2-курсни бошқа бир олий таълим муассасасига ўтказмоқчиман. Кимга мурожаат қилишим ва қандай ҳужжаталарни тақдим этишим керак?

Низомга мувофиқ фуқаролар ўқишини кўчириш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳига 2020 йил 15 июлдан 5 августга қадар бўлган муддатда мурожаат қилишлари мумкин.

Коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган вазиятни инобатга олиб, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш жараёнини ташкил этишда онлайн режимда ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаролардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

1. Кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга кирмаганлиги, кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);

2. Талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;

3. Паспорт нусхаси.

4Ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар учун имтиҳонлар ўзлари яшаб турган ҳудудда ўтказиладими ёки ҳужжат топширган олий талим муассасасидами?

Ижодий имтиҳонларни ўтказиш вақти (соати) ва жойи олий таълим муассасаси ректори томонидан тегишли вазирлик билан келишилган ҳолда белгиланади. Олий таълим муассасаси расмий сайтини кузатиб бориш лозим бўлади.

Тест синовлари билан бир қаторда ўтказиладиган касбий (ижодий) имтиҳонларни 2020 йилнинг 25 июлигача якунлаш, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари кириш имтиҳонларини 2020 йил 25 июлдан 20 августгача ўтказиш белгиланган.

5. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ота-оналарини ўқишга қабул қилишда имтиёзлар боми?

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 2 июндаги 417-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун республика олий таълим муассасаларининг умумий қабул параметрларига нисбатан икки фоизли қўшимча (алоҳида) давлат гранти квоталари ажратилади.

Қарорда ногиронлиги бўлган фарзандлари бор ота-оналари учун имтиёз назарда тутилмаган.

6. Кимлар чин етимлар тоифасига киради?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393- сонли қарори билан тасдикланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ тўлиқ давлат таъминотидаги чин етим болалар тоифасига отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган, 18 ёшга тўлмаган, «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари кириши белгиланган.

7. Магистратурага ҳужжатларни қабул қилиш онлайн амалга оширилиши белгиланган эди? Бу жараён тўғрисида тушунча берсангиз.

Жорий йил 1 июлдан бутун республикадаги давлат ОТМларида магистратура учун ҳужжатлар қабул қилиш бошланди. Қабул
30 июлгача (шу куни ҳам) давом этади. 1 июль кунининг ўзида
400 дан ортиқ ҳужжат рўйхатдан ўтказилди.

Ҳужжат топшириш magistr.edu.uz сайти орқали онлайн амалга оширилади. Тизим 24 соат давомида узлуксиз ишламоқда.
ОТМларда ҳужжат қабул қилинмайди!

Ҳужжат топшириш учун керак бўладиган маълумотлар:

1) Паспорт маълумотлари тўлдирилади. Бунда абитуриент ЖШШИР (Жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами)ни ҳамда паспорт серияси ва рақамини киритиши кифоя.

2) Доимий яшаш манзили (яъни прописка бўйича) киритилади;

3) Бакалаврда тугатган таълим муассасаси маълумотлари киритилади;

4) Дипломнинг расми ҳамда баҳолар қайд этилган илованинг сканер варианти юкланади;

5) Агар абитуриент имтиёзларга эга бўлса, яъни чет тилини билиш сертификати, олимпиадалар ғолиблиги, Президент ёки номли стипендия соҳиби эканлиги ва ҳ.к.ларни тасдиқловчи ҳужжатлар киритилади;

6) Ҳужжат топширмоқчи бўлган мутахассислигини танлайди.

Платформанинг ишлаш хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик телеграм каналида бериб борилмоқда. Мутахассисликлар кесимида абитуриентлардан тушган аризалар тўғрисида статистик маълумотларни кўриш имконияти ҳам бор.

Абитуриентдан шундан бошқа қўшимча ҳужжатлар, масалан Паспортнинг сканер ёки расм варианти, фотосурат, мақолаларининг нусхаси, тиббий маълумотнома талаб этилмайди!

Нотўғри расмийлаштирилган ёки қалбаки ҳужжат қабул қилинмайди.

Бугун вазирлик телеграм каналида магистратурага қабул бўйича турдош олий таълим йўналишлари рўйхати ҳам эълон қилинди.

8. Олий таълимда ўқув жараёнини оптималлаштириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

Олий таълим йўналишлари (мутахассисликлари) ўқув режаларидаги фанлар ҳажмини оптималлаштириш эвазига фанлар сони қисқартирилди. Шу билан бирга номутахассислик фанлар
2 баробарга қисқартирилди.

Касбий компентенцияларини кучайтириш мақсадида ўқув режадаги амалиёт дарс соатлари оширилди. Илгари амалиёт дарс соатлари 30-40 %ни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 50-60% ташкил қилмоқда.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёни рейтинг тизимидан кредит-модуль тизимига ўтказилмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Поделиться