Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коронавирус ва меҳнат бозори: Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари пандемияга қарши кураш бўйича тажриба алмашди
2020-07-03 | Жамият
1 июль куни Халқаро Меҳнат Ташкилоти Глобал Саммити доирасида меҳнат бозорлари учун коронавирус пандемияси оқибатлари билан курашиш масалаларини муҳокама қилиш бўйича Европа ва Марказий Осиё Минтақавий сессияси бўлиб ўтди.
Онлайн-учрашувда Швейцария, Швеция, Португалия, Бельгия, Хорватия, Испания, Россия, Грузия каби давлатларнинг меҳнат вазирлари, ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари раҳбарлари қатнашдилар. Сессияда Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов иштирок этиб, иштирокчиларни мамлакат меҳнат бозори учун пандемия оқибатларини бартараф этишнинг маҳаллий тажрибалари билан таништирди.
Учрашувни очиб берар экан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош директори Гай Райдер: «Бундан бир йил олдин Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонлади. Ташкилотнинг асосий мақсади – инсон ва унинг муносиб меҳнатга бўлган ҳуқуқидир», – дея таъкидлади. «Инсон манфаатларига асосланган бундай ёндашув келгусида бизнинг йўл кўрсатувчи маёғимиз бўлиб қолиши керак», – деб қўшимча қилди у учрашув иштирокчиларига йўллаган мурожаатида.
Халқаро Меҳнат Бюросининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий директори Хайнц Коллер Ҳукуматлар, иш берувчи ташкилотлар ва ишчилар ўртасидаги уч томонлама музокаранинг муҳимлигини таъкидлаб, COVID-19 пандемияси ва унинг меҳнат бозоридаги оқибатларига қарши курашга умумий ечим топиш мақсадида Саммит Халқаро Меҳнат Ташкилотининг «Лиссабондан Тошкентгача, Вильнюсдан Мальтагача» уч томонлама шерикларини бирлаштирганини айтиб ўтди.
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг биринчи чорагида Европа ва Марказий Осиё минтақаларида иш вақтининг 3 фоизи (тўлиқ иш вақти шароитида 12 миллион иш ўрнига тенг) йўқотилган ва иккинчи чорак охирида 12,9 фоиз иш вақти (тўлиқ иш вақти шароитида 50 миллион иш ўрнига тенг) йўқотилди. Шу муносабат билан халқаро ҳамжамият пандемиянинг одамлар учун, шунингдек, иқтисодиёт ва жамият учун ҳалокатли оқибатларига қарши биргаликда курашмоқда. «Ҳамма кутилмаган ва мисли кўрилмаган вазиятга тушиб қолди. Бу миллионлаб одамларнинг ҳаёти ва тақдирига жавобгар бўлган ҳукуматлар, ижтимоий шериклар ва халқаро ташкилотлар учун мураккаб ва ўзига хос чақириқдир», – деди Х.Коллер COVID-19 пандемиясининг меҳнат соҳасига кўрсатган таъсирини изоҳлар экан.
Мунозаралари чоғида минтақа давлатларининг вакиллари пандемия даврида ҳар бир мамлакатнинг меҳнат бозорини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон тажрибасини тақдим этар экан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов саммит иштирокчиларига Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида ҳукумат томонидан аҳоли бандлигини рағбатлантириш, ишчиларнинг иш ўринлари ва даромадларини сақлаб қолиш, иш жойларида хавфсизлик ва меҳнат гигиенасини таъминлаш, камситиш ва ижтимоий изоляциялашни бартараф этиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли инқирозга қарши чоралар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти кўмагида вазирлик COVID-19 нинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш устида иш олиб бормоқда ва ўтказилган сўров натижаларига кўра, инқироз иқтисодиётнинг бир қатор муҳим соҳаларида (хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқалар) ишчиларни, айниқса, кичик бизнесда банд бўлган ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга жуда кучли салбий таъсир кўрсатди, дейиш мумкин.
Ўзбекистон томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг пандемияга қарши курашининг тўртта асосий тамойилларига тўла мос келади, яъни у иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантиришга, корхоналарни, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлашга, ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилишга ва ижтимоий мулоқотга қаратилган. Президент ташаббуси билан 10 триллион сўм миқдорида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва «Меҳр-саҳоват ва кўмак» кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилди.
Бундан ташқари, ҳукумат томонидан коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий ҳолати ва ҳаёт даражаси ёмонлашган оила аъзоларини иш билан таъминлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди. Вақтинча бандлик бўйича жамоат ишлари фонди маблағлари ҳисобидан 230 мингга яқин ишсиз фуқаро, шахсий томорқаларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар бериш механизми орқали 33 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар ва аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган субсидиялар ҳисобига 3 минг банд бўлмаган фуқаролар иш билан таъминланди.
20 минг ишсизга ишсизлик бўйича нафақа берилди. Шундай қилиб, уч ой давомида 374 минг фуқаро банд бўлиб ва доимий даромад манбаига эга бўлди.
Ўз нутқида Нозим Хусанов иш жойларида ишчиларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Биринчи навбатда, Давлат меҳнат инспекцияси эпидемиология хизмати билан биргаликда корхоналарда санитария меъёрлари ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизимини мониторингини йўлга қўйди.
Бугунги кунга қадар меҳнат инспекторларининг мониторинг гуруҳлари 5757 корхонада бўлиб, уларнинг 892 тасида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси меъёрларининг бузилишини аниқладилар. Ҳар бир алоҳида ҳолат бўйича Инспекторлар томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Коронавирус пандемияси, шунингдек, амалдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Норматив меъёрлар ҳозирги шароит ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ишчиларни ҳимоя қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини ташкил қилишни максимал даражада таъминлаши керак. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги янги қонунни ишлаб чиқишда ХМТ билан ҳамкорлик қилишга умид билдирди.
Пандемия пайтида ноқонуний ишдан бўшатиш масалалари кун тартибида пайдо бўлди, иш ҳақини, ҳомиладорлик ҳамда туғуруқ нафақасини тўлашдан бош тортиш ҳоллари кўпайди. COVID-2019 пандемияси даврида Давлат меҳнат инспекцияси фуқароларнинг меҳнат қонунлари бузилиши ва иш жойида ҳуқуқни чеклашга оид 8,2 мингта, шу жумладан, аёллар томонидан юборилган 3 мингта шикоятни кўриб чиқди. Текширувлар натижаларига кўра, 3,6 минг фуқаронинг, шу жумладан 1,2 минг аёлнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Кўпгина корхона ва ташкилотлар карантин-чеклов чоралари шароитида ўз фаолиятларини масофавий ишлаш режимига мослаштирдилар. Бундай иш режимига ўтиш ва барча меъёрларга риоя қилишни таъминлаш мақсадида Меҳнат вазирлиги «Ходимларни масофавий иш усулига ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом»ни ишлаб чиқди ва жорий этди.
Ўзбекистонда қонун устуворлигини, гендер тенглигини, иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида халқаро меҳнат стандартларини мамлакатимиз қонунчилигига татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
2019 йилда Ўзбекистон ХМТнинг 29-сонли Меҳнат Конвенциясига Протоколни ратификация қилган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлди. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг «Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида», 129-сонли «Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат назорати тўғрисида» ва 81-сонли «Саноат ва савдо соҳасидаги меҳнат назорати тўғрисида»ги учта конвенцияси ратификация қилинди, бу эса ушбу соҳаларда бандлик ва ишчи кучи мониторингини кучайтиришга имкон берди.
Айни пайтда ХМТнинг яна учта конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўрилмоқда: 17-сонли «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда ишчиларга компенсация тўлаш тўғрисида», 183-сонли «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1952 йилдаги конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисида», 187-сонли «Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш асослари тўғрисида».
Муҳокамаларини якунлар экан, Х.Коллер 2008–2009 йиллардаги молиявий инқироздан фарқли ўлароқ, бугунги кунда ҳукуматлар барчага муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш учун тегишли сармояларни ажратишга тайёр эканлигини таъкидлади.
«Ушбу мураккаб даврда ХМТнинг юз йиллик декларацияси ва 2030 Кун тартиби биз учун энг муҳим мақсад бўлиб қолмоқда. Бу, биринчи навбатда, корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва меҳнат соҳасида ишчиларни ҳимоя қилишдир», – дея хулоса қилди Минтақавий директор.
Келгуси ҳафта Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Глобал Саммитидаги мунозаралар олий даражадаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро институтлар ва ташкилотлар вакиллари даражасида давом эттирилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги