Маданият вазири юртбошимизнинг ёшларнинг мусиқа ижрочилигига қаратилган ташаббусига муносабат билдирди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ушбу ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишди. Мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли чора-тадбирларни белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари фаоллар йиғилишида миллий маданиятни ривожлантириш ва шу аснода иқтисодий-ижтимоий тараққиётини таъминлаш бўйича ниҳоятда ҳаётий ва долзарб ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, эндиликда ҳар бир умумтаълим мактаби ўқувчисининг шаҳодатномасига адабиёт, она тили, физика, математика ва бошқа кўплаб фанлар қаторида бирон мусиқий чолғуни чалишни ўрганганлиги тўғрисидаги баҳо ҳам қўйилади.
Хўш, ушбу таклиф қайси жиҳатлари билан қалбимизни нурафшон этди? Унинг замирида қандай эзгу мақсад-муддаолар мужассам?
Бу ҳақда гап кетганда, аввало, ушбу ташаббус юртимизда миллий маданият ва санъатни янада ривожлантиришга қаратилган ҳаётбахш ислоҳотларнинг узвий давоми эканини таъкидлаш жоиз.
Дарҳақиқат, кейинги уч-тўрт йил давомида Президентимизнинг соҳа тараққиётига қаратилгани қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали анъанавий тарзда ўтказиладиган бўлди. Беш муҳим ташаббус асосида болалар мусиқа ва санъат мактаблари замон андозалари асосида таъмирланмоқда, мусиқа асбоб-ускуналари билан таъминланяпти. Уларда турли тўгараклар очиляпти. Буларнинг барчаси асрлар оша аждодлардан-авлодларга ўтиб келаётган ноёб санъат намуналарини янада чуқурроқ ўрганиш, кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшлар қалбида уларга нисбатан ҳурмат ва садоқатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртбошимизнинг ёшларнинг мусиқа ижрочилигига доир билим ҳамда салоҳиятини юксалтиришга қаратилган навбатдаги ташаббуси замирида ҳам, шубҳасиз, чуқур ўйланган мақсад ва мазмун ётибди. Бу борада фикр юритганда хаёлимизда халқимиз азалдан эъзозлаб келадиган қадриятлар, орзу-умидлар жонланади. Ушбу ёруғ ниятларнинг энг қадрлиси, албатта, баркамол авлод тарбияси билан боғлиқ. Инсоннинг жисмонан бақувват, ақлан етук ва маънан комилликка етишуви баркамолликдан нишона. Тўғри, ҳар жиҳатдан тугалликка ҳеч бир одам фарзанди ҳали етганмас. Лекин кўнгилда умид ва ишонч уйғотадигани шуки, инсон мудом ана шу саодат сари интилишда, изланишда, ҳаракатда.
Президентимизнинг ўғил-қизларимизга бирор чолғу асбобини чалишни ўргатиш, умуман, мусиқага ошно этиш борасидаги таклифи уларни маънан улғайтиришга, қалбларига эзгулик уруғлари экишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тарихдан маълумки, умумжаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган аждодларимиз хоҳ адабиёт, хоҳ астрономия, тиббиёт, математика, геометрия, тарих, меъморчилик, наққошлик, қўйингки, қайси соҳа билан шуғулланмасин, албатта, бирор созни чалишни ўрганган, куйни руҳнинг озиғи деб билган. Мусиқа илми ҳақида фундаментал илмий-назарий рисолалар ёзишган.
Жумладан, буюк файласуф олим Абу Наср Фаробий «Китобу-л-мусиқий ал кабир» («Мусиқага оид катта китоб») асарини ёзиб, мусиқа назариясининг асосларини яратишга улкан ҳисса қўшди. У нафақат назариётчи, балки халқ чолғуларининг маҳоратли ижрочиси ҳам бўлган. Манбаларда қайд этилишича, Фаробий най ва танбурни юксак даражада чалиш билан бирга, қонун чолғусини ихтиро қилган, ўша даврларда машҳур бўлган уд созини такомиллаштиришда изланишлар олиб борган.
Тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг «Китоб уш-шифо» («Шифо китоби» ), «Донишнома» («Билимлар китоби»), «Китоб ун-нажот» («Нажот китоби») асарларидаги мусиқага доир махсус бўлимлар, «Рисолатун фи-илмил-мусиқий» («Мусиқий илми ҳақида рисола») рисоласи жаҳон санъати фани тарихида алоҳида ўрин тутади.
Бундай қомусий олимлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Қолаверса, Ҳасан Нойи, Қулмуҳаммад Удий, Ҳасан Болабоний, Али Хонадоний Муҳаммадий, Аҳмад Ғижжакий, Али Кўчак Танбурий каби созандалар ўз замонасида шу қадар машҳур бўлганки, уларнинг исмлари ўзи юксак маҳорат билан чаладиган мусиқа асбоби номи билан биргаликда айтилган.
Аслида, Ўзбекистон ҳудудидаги Хоразм, Афросиёб, Холчаён, Термиз, Варахша, Балаликтепа, Даливарзинтепа ва бошқа қатор тарихий манзилгоҳларда олиб борилган археологик қазилмалар натижасида топилган жуда кўп мусиқа чолғуларининг қолдиқлари, деворларга, қояларга, сопол буюмларга туширилган хонанда ва созандалар суратлари аждодларимиз азалдан санъатга ошуфта эканини кўрсатади.
Чунончи, аждодларимиз мусиқани қалб «математикаси», деб билган. Ақл руҳдан қувват олишини, руҳ эса вужудга, ривоятда келтирилганидек, мумтоз куй воситада жойланганини, шу боис у инсонга куч-мадад бериб туришини теран англаган. Пировардида ақл ва руҳни уйғун ривожлантиришга ҳаракат қилинган.
Инсоннинг борлиқ, ҳаёт, ўз умри ҳақидаги ўйлари, ботиний кечинмалари, тасаввур ва тафаккурида юз бераётган эврилишларни нафис оҳангларда ифодалайдиган мусиқа элларни, дилларни эзгулик йўлида бирлаштиришга қодир. Машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздий ўзининг «Зафарнома» асарида Амир Темур даврида ўтказилган мусиқий анжуманлар ҳақида «яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитою араб ва ажамдан ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди», деб ёзади.
Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» китобида хуш оҳангнинг инсон руҳиятига таъсир кучига шундай баҳо беради: «Гўдакнинг организми чиниқиши учун икки нарса зарур: бири уни аста қимирлатиб тебратиш, иккинчиси эса онанинг қўшиғидир. Биринчиси, боланинг танасига, иккинчиси, руҳига тегишлидир».
Таниқли муҳаддис, шайх Абу Бакр Бухорий — Калободий мусиқани таърифлаб, уни «жон қуввати ва руҳ озиғи турур. Агар жон нағмадан қувват топса, ўз мақоми сари ишроф айлайди», деб ёзади. Демак, мусиқа инсонга бебаҳо маънавий озуқадир. Наво билан озиқланган жон доимо тетик, бардам, бақувват бўлади.
Афсуски, XX асрда мустамлака балосига гирифтор бўлган халқимиз азалий анъаналардан, тарихий илдизлардан, миллий қадриятлардан мажбуран узоқлаштирилди. Хусусан, мусиқа билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмади.
Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат ўзининг «Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи» номли рисоласи муқаддимасида «Ўзбекларни ўрганиш қўмитаси сўнгги йилларда ўзбек тилига, адабиётига ва тарихига оид анчагина маълумот тўплаб, яхшиғина натижалар чиқаришға муваффақ бўлсада, ўзбек мусиқамизға тегишли жиддий татаббуъотда бўлина олмади», дейди. Бунинг асосий сабаби эса «бу соҳада ишлай олатурған, яъни аслий маънода мусиқа назариясини билатурған ва Шарқ мусиқасининг хусусиятларига воқиф мусиқашуносларнинг йўқлиғи» эканлигини афсус ила таъкидлайди.
Буюк шоир Чўлпон эса оддийгина куй миллатнинг дардларига малҳамгина эмас, уни уйғотиши, юксак мақсадларга руҳлантириши мумкинлигини ўз шеърлари орқали ифода этади. Бир шеърида «Оталарнинг тарихдаги хатосини» кўрган, гувоҳ бўлган «Ёруғ юлдуз»га мурожаат этиб, уларнинг сабаб-оқибатлари ҳар биримизга англатиш учун:
Майли, майли, қандоқ аччиқ бўлса ҳам,
Тўғри сўзни яширмасдан сўзлай бер,
Ҳар қанчалар юрак ёрғич куй бўлса,
Ботир бўлиб секингина куйлай бер,
деб илтижо қилади.
Ҳақиқатан ҳам, истибдод даврида элимиз мусиқанинг ноёб кучидан, сеҳридан имкон қадар узоқ тутилди. Натижада мусиқий таълимга эътибор сусайди, бу борада кадрлар тайёрлаш тизимининг моддий-техника базаси ғариблашиб, ночор аҳволга тушиб қолди, соҳа педагог ва мутахассислари меҳнати етарли рағбатлантирилмади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда санъатнинг ушбу тури янада равнақ топиши йўлида залворли қадамлар қўйилди — ҳашаматли санъат саройлари барпо этилди, нуфузли мусиқа билим юртлари очилди, турфа кўрик-танловлар, мукофотлар таъсис этилди. Мустақиллик, Наврўз каби умумхалқ байрамларида улкан саҳналарда ҳар йили янгидан-янги номларни, дилтортар куй-қўшиқларни кашф этиш хайрли анъанага айланди.
Шунга қарамай, болаларимизни ҳар томонлама етук шахс, замонавий инсонлар этиб тарбиялаш учун уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, жумладан, бадиий дидини — мусиқа яратиш, ижро этиш ва тинглаш маданиятини тарбиялаш, санъат дунёсига ошно этиш бугунги кунимизда ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги янги ташаббуси юртимизда яшаётган ҳар бир боланинг ўзига хос қобилияти ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, рўёбга чиқариш ва тарбиялашда ғоят муҳим.
Ишонамизки, у ўз меваларини узоқ куттирмайди. Истеъдодли ёшларимиз орасидан моҳир созандалар, санъатшунос-олимларнинг кашф этилишига туртки бўлади. Улар эса халқимизнинг бебаҳо бойлиги бўлмиш ўлмас мусиқа асарларини — миллий маданиятимизнинг гавҳару дурдоналари оламга кенг ёйишга, Ўзбекистон довруғини дунёга таратишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, мусиқани тушунган, бирор созни чалишни биладиган инсонларни тарбиялаш уларнинг ҳаммаси ҳам келгусида шу соҳа йўлидан кетиши керак дегани эмас. Мусиқа уларнинг таъби, талаби, дунёқарашини тарбияласа, шу ҳам катта ютуқ. Зотан, бу ҳар бир соҳа ривожида креатив фикрлайдиган, ўз ишига бой қалби, юксак инсонпарварлик фазилатларини бахш этадиган кадрларни камолга етказишда айни муддаодир.
Ватанимизни жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари қаторида кўриш, тинч ва фаровон ҳаётда умргузаронлик қилиш эса барчамизнинг эзгу истагимиз, бугунги кунда изчил рўёбга чиқаётган орзу-умидларимиздир.
Озодбек НАЗАРБEКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири
Манба: ЎзА