Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Камбағал эмас, дангаса одам бўлади

2020-07-01 | Жамият

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги "Тожбой" фермер хўжалиги ҳудуднинг энг олди, кўп тармоқли хўжаликларидан. Хўжалик раҳбари Аллаёр Ўсаров эса фермерлик ҳаракати, асосийси, ҳалол меҳнати ортидан барака топиб, оиласи фаровонлигини таъминлаб келмоқда.

– Илгари, фермерликкача бўлган даврда яшашимиз жуда оғир эди, – дейди фермер. – Ҳатто шундай кунлар ҳам бўлдики, буғдой ўрнига маккажўхорини тегирмондан чиқариб, ундан нон тайёрлаб едик. Гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини гапирмаса ҳам бўлади. Ана шундай пайтларда болаларим учун ҳаётимни ўзгартиришга ҳаракат қилдим. Камбағалликдан чиқиш чораларини қидирдим. Яхши эслайман, ўша пайтлар буни уддалаш, айниқса маълумотсиз бир одам учун осон бўлмаган.

Аллаёр ака 20 сотихли томорқасида помидор, сабзи, картошка каби маҳсулотлар етиштириб, яхшигина ҳосил олди. Ҳосилнинг бир қисмини оиласи ва қўни-қўшнилар билан баҳам кўриб, қолганини бозорда сотди ва 30 миллион сўмдан ортиқ даромад қилди. Кейинги йили томорқадан ташқари фермер хўжаликларидан ер олиб, бозорда харидоргир маҳсулотлар етиштирди. Йилдан йилга даромади, шунга мос равишда оиласи фаровонлиги ҳам ошиб бораверди.

Шу алфозда деҳқончиликнинг ҳадисини олган Аллаёр ака яшаб турган ҳудудидан 22 гектар сувли ер майдонини олиб, “Тожбой” кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этди.

Айни пайтда мазкур хўжаликнинг ишлари баравж. Бунда хўжалик раҳбари Аллаёр Ўсаровнинг бой тажрибаси, тунни тонгга улаб қилаётган меҳнатлари қўл келмоқда.

Фермернинг бир одати бор, ҳар тонг даласига саҳарлаб келиб, экинлари билан диллашади. Уларга меҳр, эътибор беради. Шундан бўлса керак, яқинда экилган памидор-бодринг қийғос гуллаган...

Шунга ёндош 8 гектарда экилган ғаллазорда буғдойнинг бўлиқ бошоқлари эгилиб турибди. Чайқалиб турган олтин ранг буғдойзордан таралаётган тотли дон ҳиди димоққа урилади.

Фермер бўлиқ дон бошоқларидан юқори ҳосил олишни, ғалладан бўшаган ерга картошка, сабзи, мош, шолғом ва турп экишни мўлжаллаяпти. Ўрим-йиғим мавсуми учун хўжаликнинг 3 та ғалла ўриш комбайни соз ҳолатда, шу билан бир қаторда, зарур эҳтиёт қисмлар захираси ҳам яратилган.

Фермер яйловда боқилаётган чорва молларини кўздан кечиради. Хўжалигида юзга яқин қорамол, 500 дан ортиқ кўй-эчки боқиляпти. Бундан бир неча йил илгари ҳорижий давлатдан наслдор 7 бош қорамол олиб келган эди. Бугунги кунда мана шу моллар сони 25 бошга етди. Фермер хўжалиги томонидан ҳар йили халқимиз дастурхонига 10-12 тоннагача гўшт, 5-6 тонна сут ва сут маҳсулотлари етказиб берилади.

– Бу йилги кўклам серёғин бўлиб, салқин келди. Экинларимиз бир оз кечикди – дейди фермер. – Бироқ, тажриба ўзини оқлади. Зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида, оби-тобида бажарганимиз қўл келди. Экинлар етишиб олди. Эндиги вазифа айни гулга кирган помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири ва бошқа маҳсулотларни вақтида суғориш, минерал ўғитлар бериб, бегона ўтлардан тозалаш. Чунки саратонда барча экинлар мева тугади. Шундай экан, мақсадни бор ҳосилни сақлаш ва уни янада кўпайтиришга қаратишимиз керак. Шунингдек, картошка эгат оралари ишловига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Аллаёр ака шу йил февраль ойининг ўрталарида бир гектар ерга картошка эккан эди. Ўзингизга маълум, бу йил кўклам серёғин бўлди. Шу боисдан картошка етиштириш муддати бироз кечикди. Шунга қарамасдан фермер бир гектар картошкадан 30 тоннадан ортиқ сифатли картошка ҳосили олди.

– Камбағал одам бўлмайди, дангаса одам бўлиши мумкин, – дейди Аллаёр Ўсаров. – Қишлоғимизда шундай оилалар ҳам борки, қишлоқда яшаса-да, ер шўрлаган, томорқа қумлоқ ёки сув тақчил, деган баҳона билан рўзғорига бодринг-помидорни ҳам, сабзи, пиёзу картошкани ҳам бозордан ташийди. Шу боис ҳайҳотдай томорқага мевали дарахт ўрнига тол, терак, тут экиб, турли озиқ-овқат экинлари ўрнига чорва учун бошоқли дон ёки беда етиштиришни афзал билади. Осонда! Содда қилиб айтганда, айрим одамларнинг танбаллиги билан томорқадан оқилона фойдаланиш ўрнига ер ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Қаҳрамонимиз кун салқинида чопиқ ишларимизни давом эттирайлик, дея далага отланди. Деҳқон кечки салқинда фарзандлари билан экинларни чопиқ қилишга киришади. Кун қорайиб, ён-атрофни қоронғулик босгани сайин далада иш қизийди, ҳаёт қайнайди...
 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться