Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оҳангарондаги Ёшлар технопаркининг қурилиш ишлари якунланмоқда
2020-06-30 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент Вилоятининг Оҳангарон шаҳрида қад ростлаётган Ёшлар технопаркининг қурилиш ишлари билан танишди. Технопарк биноси 500 кв.м. бўлиб, Оҳангарон шаҳрига кираверишда жойлашган. Ҳозирги вақтда технопаркнинг қурилиш ишлари якунланиш арафасида ва вазирлик томонидан технопаркни жиҳозлаш учун харид қилинган ускуналар, техник воситалар ўрнатиш учун шай.
Ҳозирда республикамизнинг хар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопаркларини ташкил этилмоқда. Ёшлар технопаркларини ташкил этишдан асосий мақсадлардан бири инновацион маҳсулотлари яратишнинг илк босқичларида, шунингдек маҳаллий ҳамда хорижий ишланмалар ва технологиялар асосида инновацион, юқори технологияли ва илмий ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ёш ташаббускорларга кўмаклашишни назарда тутадиган инновацион тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишдир.
Ёшлар технопарклари энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини яратиш, электрон ўлчов асбоблари, робототехника, мехатроника, машинасозлик, электротехника соҳаларида илмий ишланмалар ва тадқиқотлар, саноат-тажриба синовлари ўтказишга ва инновацион маҳсулотлар намуналарини ўзлаштириш учун ихтисослашади.
Ёшлар технопарки фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги