Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олмалиқда “Ёшлар ойлиги” доирасида спорт мусобақалари ўтказилди
2020-06-30 | Ёшлар
Спорт – саломатлик гарови! Унинг қайси тури бўлмасин, инсонни ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол бўлишига хизмат қилади. Соғлом танда – соғ ақл, деб бежиз айтмайди доно халқимиз.
Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида ҳам ана шу нақлга амал қилган ҳолда, “Ёшлар ойлиги” доирасида ҳарбий хизматчилар ўртасида спортнинг тош кўтариш, армрестлинг ва югуриш турлари бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.
Шу куни “Баркамол авлодни тарбиялаш – пировард мақсадимиз” мавзусида ташкил қилинган шахмат-шашка мусобақаларида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам иштирок этдилар.
Тенгдошлари билан қарама-қарши ўтириб олиб, худди катталардек шахмат ва шашка доналарини сурган миттивойларнинг баҳслари жуда қизғин ва таассуротларга бой бўлди.
Мусобақалар якунида ғолиблар фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги