Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ижроси таҳлили ва 2020/2021 йил учун ОТМларга қабул масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
2020-06-30 | Таълим
2020 йил 29 июль куни соат 15:00да Миллий матбуот маркази биносида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси жорий йил биринчи ярим йиллиги ижроси таҳлили ва 2020/2021 йил учун ОТМларга қабул масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакилларига мавзу юзасидан батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси соҳада таълим сифатини ошириш йўлида туб ислоҳотларни олиб боришга имкон берди.
Жумладан, қамровни ошириш юзасидан концепцияла белгиланган вазифалар ижроси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” 2020 йил 12 июндаги ПҚ-4749-сон қарори билан бажарилди. Қарорга мувофиқ давлат буюртмаси параметрлари бакалаврлар тайёрлаш бўйича жами 139 950 нафар ҳамда магистрлар тайёрлаш бўйича 10 425 нафар этиб белгиланди (2020 йил якунига ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 25 фоизга етказилади).
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларнинг олий таълим билан қамров даражаси оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилиши белгиланди.
Нодавлат олий таълим муассасалари, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 4 та нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилди. Ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғи лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 33 та олий таълим муассасасида ўқув жараёнларини кредит-модуль тизимига ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида олий таълим муассасаларининг 268 нафар профессор-ўқитувчилари хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилган. Республика олий таълим муассасаларига 278 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинган. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларидаги ўқув жараёнларини олиб бориш учун 592 нафар профессор-ўқитувчи жалб қилинган бўлиб, уларнинг 89 нафари хорижда малака оширган ва стажировкадан ўтган профессор-ўқитувчилар.
Рақамли университет лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилаётган олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа «Маъмурий бошқарув», «Ўқув жараёни», «Илмий фаолият» ва «Молиявий бошқарув ва статистика» ахборот тизимларини ўз ичига олади. Лойиҳанинг «Ўқув жараёни» ва «Илмий фаолият» ахборот тизимларининг дастлабки босқичи 2020/2021 ўқув йилида ишга туширилади. Ушбу ахборот тизими тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда “Рақамли Тошкент” комплекс дастурининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши режалаштирилган.
Илмий-тaдқиқот вa инновaцион фaолиятни ривожлaнтириш бўйича белгиланган вазифалар юзасидан 2020 йилда республика олий таълим муассасаларида 470 та докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Республикада каронавирус пандемияси шароитида олий таълим муасасасларида илмий тадқиқотчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бош илмий-методик марказ платформасида диссертациялар ҳимоясини масофадан (онлайн) ташкил этиш тизими ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Халқаро тан олинган «Scopus», «ScienceDirect», «Web of Science» ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи журналлардаги мақолалар нашри кўрсаткичини ва иқтибослик кўрсаткичини ошириш юзасидан «Elsevier» компанияси билан ҳамкорликда республика олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлари, тадқиқотчилари учун мунтазам вебинарлар ўтказиш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланган журналларда 1214 та мақола чоп этилди. Халқаро нуфузли илмий журналларда мақола чоп этган муаллифларни рағбатлантириш тизими жорий этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги