Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Зилзила эпицентри йўналишини аниқловчи сейсмоскоп
2020-06-29 | Фан
Таклиф қилинаётган сейсмоскоп зилзила пайтида сейсмик тўлқинлар йўналишини аниқлашга мўлжалланган бўлиб, сейсмологияда, муҳандислик-сейсмометрик станцияларда, зилзилаларнинг турли тузилмаларга таъсирини ўрганиш учун ишлатилиши мумкин.
Таклиф этилаётган сейсмоскопнинг аҳамиятли томони шундаки қурилма кординал нуқталарда жойлашган географик йўналишларга мос келадиган светодиод нурланиш орқали зилзила эпицентри йўналишини аниқлаб, юқори сезувчан сейсмографлардан фойдаланмасдан ва мураккаб ҳисоб-китобларга мурожаат қилмасдан тезроқ аниқлаш имконини беради. Шу билан бирга, мантиқий элементлар ва электромагнит реле асосига қурилган сейсмоскопнинг электрон схемаси зилзила пайтида электрон калит блокининг ишга тушуш вақтидан ташқари деярли электр энергиясини истеъмол қилмайди ва шунинг ҳисобига узоқ вақт автоном қувват манбаидан фойдаланиб, ишлаши мумкин.
Сейсмоскоп ишлаш принципи қуйидагича ташкил этилган: зилзила содир бўлганда маятниклар мувозанатдан чиқиб, силкинишни бошлайди ҳамда маятникларнинг электродлар билан алоқа қилишида +5 волтли кучланиш электрон калит блокига киради.
Зилзила эпицентри йўналишини аниқловчи сейсмоскоп таркибига корпуснинг устки плитасида эластик пўлат стерженда маҳкамланган тебрангич киради. Сейсмойскоп шу билан фарқланадики, у қўшимча тебрангичга эга бўлиб, унинг инерт массаси устки ва пастки электродлар ўртасида ўрнатилган шар кўринишида бажарилган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси М.Т. Уразбаев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтига “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра IAP 06180 рақамли патент берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги