Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича видеоконференцияда иштирок этди
2020 йил 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги халқаро ҳамкорлик: COVID-19 га қарши курашда бирдамлик” мавзусидаги видеоконференцияда иштирок этди.
Тадбирда Африка, Жанубий Америка, Осиё ва Европанинг 26 давлати ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош котиби Тедрос Адҳаном Гебрейесус ва БМТ Тараққиёт дастури администратори Аким Стайнер иштирок этди.
Видеоконференцияда коронавируснинг тарқалишига қарши халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, касалликнинг оқибатларини бартараф этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни қайта тиклаш, ҳозирги шароитда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари ва кўп томонлама муносабатларнинг бошқа истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида мазкур учрашувнинг долзарблигини, у пандемия сабабли юзага келаётган ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар масалаларни самарали ҳал қилишни мувофиқлаштириш даражасини кўтариш имконини беришини қайд этди.
Конференция иштирокчиларига аҳолининг эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа, хусусий сектор ва иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида қабул қилинган чоралар тўғрисида маълумот берилди.
Вазир транспорт коммуникацияларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш механизмини яратиш зарурлигини ҳамда автомобилда юк ташиш учун инфратузилмани такомиллаштиришнинг аҳамиятини таъкидлади. У “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлини лойиҳалаштириш ва қуришнинг муҳимлигини ҳам эътироф этди.
Глобал пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини қайта йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, санитар-гигиеник хавфсизликни таъминлаган ҳолда туристик хизматлар кўрсатиш соҳасини фаоллаштишнинг халқаро иқтисодий алоқаларни қайта тиклашдаги аҳамияти ҳам қайд этилди.
Рақамли иқтисодиётни, хусусан рақамли тиббиёт, таълим ва электрон савдони ривожлантириш “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқи якунида тез кунларда кўп қиррали ҳамкорлик даражасининг тўлиқ қайта тикланишига ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга умид билдири.
Анвар Илясов олган сурат
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги