Ҳудудларни ободонлаштириш ишларининг бориши бўйича сарҳисоб
Юртимиз тарихидан маълумки, аждодларимизнинг асрий турмуш тарзида ўз яшаш ҳудудини саранжом-саришта сақлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини мунтазам амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ҳисобланиб келинган.
Мазкур қадриятларимизнинг изчил давоми сифатида бугунги кунда республикамиздаги барча ҳудудларда жорий этилган «Обод маҳалла - обод кўча - обод хонадон» тамойили асосида йўлга қўйилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ташаббуслари, айтиш мумкинки, аждодларимизнинг асрий анъаналарига муносиб жавоб бўла олади. Қувонарлиси, жойлардаги бу каби хайрли ишларда муносиб иштирок этиш мақсадида ватандошларимиз ўзи яшайдиган хонадон, маҳалла ва кўчаларни ободонлаштиришда ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Жорий йилнинг 17 июнь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонларини амалиётга жорий этишда учраётган бир қанча камчиликлар айтиб ўтилди. Жумладан, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари фуқаролар йиғинларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда маҳалла тизими ходимларининг иш услубини тубдан ўзгартиришда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳам ушбу видеоселектор йиғилишида танқидий руҳда сарҳисоб қилинди.
Тадбир давомида Президентимиз томонидан белгилаб берилган маҳалла ва оила масалаларига оид мавжуд муаммоларни ҳал этиш, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни барвақт олдини олиш, камбағалликни қисқартириш, томорқадан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича «Обод ва хавфсиз маҳалла» тизимини самарали жорий этиш, «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» тамойили асосида ишларни тизимли ташкил этишга доир фикрлар билдириб ўтилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев мазкур ташаббус доирасида Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойларда олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтар экан, қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳали олдинда турганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
– Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойлардаги 503 та ички кўчаларга тунги ёритгичлар ўрнатилди, 96 531 туп манзарали дарахтга шакл берилди ва оқланди, – деди Ботир Парпиев. – Шунингдек, 273 та болалар ва спорт майдончалари, 837 та ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатиш объекти ободонлаштирилди. Аммо шунга қарамай, ҳудудларда ўз ечимини кутиб турган муаммолар етарли даражада. Шундай экан, жойлардаги масъуллар бу вазифаларга жиддий ёндашган ҳолда, амалий ҳаракатларни янада ошириши лозим.
Йиғилиш давомида ҳудудлардаги мавжуд ҳолат ва муаммолар, уларнинг ҳал этиш борасидаги амалга оширилиши шарт бўлган ҳолатлар кетма-кет таҳлил қилиб чиқилди. Жумладан, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли бандлиги, оилавий ажримлар, хусусан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган ижтимоий кўмак, ободонлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, Самарқанд вилоятида оилавий ажримлар сабаблари ўрганилганда, уларнинг 21 таси хиёнат, 69 таси миграция туфайли,35 таси узоқ муддат давомида бирга яшамаслик, 23 таси ичкилик ва гиёҳвандлик, 42 таси оилага учинчи шахснинг аралашуви, 454 таси оиладаги турли келишмовчиликлар натижасида юзага келганлиги қайд этиб ўтилди.
Ҳудуддаги ишсизлик муаммоси чуқур таҳлил этилиб, пандемия шароитида ишсиз қолган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича Самарқанд шаҳар, Пастдарғом, Тойлоқ ва Оқдарё туманлари юқори ўриндалиги айтиб ўтилди. Камбағалликдан чиқариш борасида эса Булунғур, Жомбой ва Паяриқ туманларида сусткашликка йўл қўйиб келинаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Қашқадарё вилоятида умумий жиноятчилик ҳолати жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 46,1 фоизга, вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар, ишсиз фуқаролар, илгари судланганлар жиноятчилиги сезиларли даражада кўпайган. Вилоятда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони йил бошидан шу вақтга қадар 1 минг 20 тани ташкил этмоқда, 583 та оилавий ажралишлар қайд этилди. Ачинарлиси, мазкур ажралишлар натижасида 459 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.
Йиғилишда таъкидланишича, вилоятдаги ўз томорқа ерига эга 462 минг 606 та хонадоннинг 4 минг 902 таси хонадон томорқаларидан самарасиз фойдаланиб келмоқда. Мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида Муборак, Миришкор, Ғузор, Нишон ва Деҳқонобод каби сув танқислиги сабабли томорқадан самарали фойдалана олмаётган ҳудудларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда «Томорқа хизмати» МЧЖ имкониятларидан фойдаланиб артизан қудуқлари қазиш ишларини тезкорлик билан ташкил этиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазирлиги Матбуот хизмати
Манба: ЎзА