Фарғона вилояти Сўхтуманида умумий қиймати 91,7 миллиард сўм бўлган йирик лойиҳа – «Қайроқ» насос станциясининг қурилиши бошланди.
Бугунги кунда чегарадош ҳудуд Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турли соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Асосан қишлоқ хўжалиги ва боғдорчиликка ихтисослашган туманда ерларни ўзлаштириш ҳамда сув чиқариш энг катта муаммолардан бири ҳисобланади.
Йилдан-йилга аҳоли сони ўсиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. Бу муаммо ҳал этилса, экин майдонлари кенгайиб, аҳоли бандлигини таъминлаш учун янги имкониятлар пайдо бўлади. Айни кунларда қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган, бўш турган ерларга сув чиқариб, суғориш тизимини йўлга қўйиш, ерлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Тумандаги Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Қайроқ массиви мана шундай имкониятга эга бўлган ҳудудлардан бири. Мазкур массив туманнинг жанубий қисмида, собиқ «Сўх» ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган бўлиб, асосан Олой тоғ тизмаси этагида, тоғ платаси ва паст баландликлардан иборат. Бу ерда қишлоқ хўжалигида фойдаланиши мумкин бўлган 1 минг 448 гектар ер мавжуд бўлиб, мазкур жой фақат ёмғир суви билан суғорилади. Йил қурғоқчил, ёмғир кам ёққан вақтда ҳеч қандай ҳосил олиб бўлмайди.
Қайроқ массиви жанубий, жанубий ғарб ва жанубий шарқ томонидан қўшни Қирғизистон Республикаси тоғлари билан чегарадош бўлиб, сув олишнинг ҳеч қандай имконияти йўқ. Шу сабабли 1985 йилда лойиҳаси ишлаб чиқилган ва қурилиши тўхтатилиб қўйилган «Қайроқ» насос станцияси массивга сув олишнинг биргина йўли ҳисобланган. Сўх дарёсини қўшни Қирғизистон Республикаси Тоён қишлоғидан Ўзбекистон Республикасига оқиб ўтаётган қисмидан сув олиб, уни 400 метр баландликка, Қайроқ массивининг юқори нуқтасига насос станциялар қуриш орқали бажарилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида махсус давлат Дастури орқали Қайроқ массивига оби ҳаёт етказиб бориш имконияти пайдо бўлди. Мазкур насос станциясининг қурилиши бошланиб, уни «Сўхгидроқурилиш» масъулияти чекланган жамияти амалга оширмоқда.
Сув хўжалиги вазирлиги, Фарғона вилояти насос станциялари бошқармаси, Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси вакиллари, туман ҳокимлиги ва нуроний отахонлар иштирокида «Қайроқ» насос станциясини қуриш учун эзгу ниятлар билан тамал тоши қўйилди.
Мазкур қуриладиган насос станцияси майдони давлат чегарасидан 1 600 метр узоқликда, яъни «Қизилқиёқ» насос станциясининг Сўх дарёсидан сув олиш нуқтасида жойлашган. Дарёдан сув олиш дарёга тўғон қуриш орқали амалга оширилади. «Қайроқ» насос станцияси 2 кўтармали бўлиб, ҳар бирининг кўтариш баландлиги 200 метр, бир сонияда 1,25 метр куб сув олиш имкониятига эга.
М. Сулаймонов
Манба: ЎзА