Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қалб ва тил поклигини улуғлаган пир
2020-06-15 | Маданият
Маълумот ўрнида Саййид Амир Кулол Бухородаги Етти пирнинг бири. 1281 йилда ҳозирги Когон тумани Янги Ҳаёт қишлоғида туғилган.
Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийдан таҳсил олган.Невараси Мавлоно Шаҳобиддин томонидан тайёрланган «Мақомоти Амир Кулол», “Огоҳийи Саййид Амир Кулол” асарларида бу пир ҳақида қимматли маълумотлар бор.Бу китобнинг биринчиси 1909 йилда Бухорода, иккинчиси эса 1961 йилда Покистонда нашр этилган.Амир Кулол 1370 йилда вафот этган.
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
--- Манбаларда айтилишича, оналари «У қорнимдалигида шубҳали таом истеъмол қилсам, қорним оғрир, тавба қилмагунимча оғриқдан қутулмасдим.Бу ҳол бир неча бор такрорланди.Шундан кейин луқманинг ҳалол бўлишига эътибор қиладиган бўлдим.Оғриқ ҳам барҳам топди», дея эслаганлар,--- дейди бухоролик таниқли тасаввуфшунос, хаттот, мударрис Ғафуржон Раззоқов. --- «Мақомоти Амир Кулол» асарида келтирилишича, Саййид Амир Кулол«Агар у киши (Амир Темур) Аллоҳнинг муҳаббатидан баҳраманд бўлишни, Унга яқин бўлишни ва улуғ мартабаларга эришишни хоҳласалар тақво ва адолатни ўзларига шиор қилиб олсинлар», дея буюради.
Соҳибқирон бу ўгитларга амал қилиб, юксак мартабаларга эришгани эса тарихдан яхши маълум.
Биласиз, юртимиздаги муқаддас қадамжолар қаторида «Етти пир» зиёратгоҳи, жумладан, Саййид Амир Кулол мангу қўним топган маскан ҳам дунёнинг турли гўшаларидан ташриф буюрадиган зиёратчилару сайёҳлар билан гавжум бўлиб келган.Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳукуматимиз томонидан бу қадамжо ҳудудида кенг кўламли қурилиш – таъмирлаш, ободончилик юмушлари бажарилди.Янги масжид, таҳоратхона, меҳмонхона, кулолчилик устахонаси барпо қилинди.Кўкаламзорлаштириш, ободончилик ишлари амалга оширилаяпти.Бир сўз билан айтганда, бу ерда зиёратчилар учун зарур барча қулайликлар яратилди.
Фото Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Айтмоқчи, юртимизда коронавирус балоси туфайли масжидлар ҳам ўз фаолиятини маълум бир муддат тўхтатганидан хабардорсиз.Мана, ниҳоят, мўмин – мусулмонлар кутган дамлар етиб келди.Масжидлар эшиги очилди.Мусулмонлар энди карантин тартибларига риоя этган ҳолда масжидларда диний амалларни адо этишлари мумкин. Биз эса мақоламизни Саййид Амир Кулолнинг «Билингки, қалб ва тилнинг поклиги ҳалол луқмадандир.Инсон меъдасини пок сув мавжуд бўлган ҳовуз каби тасаввур этинг.Бу пок сув ва тупроқдан ҳосил бўлган ҳар гул ва мева, албатта, пок ва фойдали бўлур», деган ҳикматлари билан якунламоқчимиз.
Истам ИБРОҲИМОВ
Манба: «Халқ сўзи»