Бугундан «сариқ» ва «яшил» тоифага кирувчи ҳудудлараро маҳаллий йўналишларда автобуслар ҳаракати тикланади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Бунда тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор ёрдамида зарарсизлантирилади. Барча йўловчилар автовокзал ҳудудига ҳамда автобусга бир марталик ҳимоя ниқобларида киритилади.
Транспорт воситаси якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилинади. Шунингдек, ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларни ўз вақтида алмаштириб бориш чоралари кўрилади.
Автовокзал ҳудудида йўловчиларнинг (3 тадан ортиқ) тўпланиши тақиқланади (оила аъзолари бундан мустасно). Ҳудудда умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари фаолиятига ҳозирча рухсат берилмаган. Озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар фаолияти бундан мустасно.
Манба: ЎзА