Тошкент вилоятида жорий йилда ҳам ипак қуртини жонлантириш, пиллакорларга зарур шароит яратиш, етиштирилган хомашёни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни сифатли ташкил этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди. Айни кунларда мавсумий тадбирлар давом этмоқда.
Вилоят пиллакорлари биринчи мавсумда 20 мингдан ортиқ, иккинчи мавсумда 5 мингдан ортиқ қути ипак қурти уруғларини парваришлаб, қарийб 1,5 минг тонна пилла етиштиришни режа қилганди.
Бу йилги илк пилла мавсумида Оққўрғон туманидаги 2 минг 40 хонадонда ипак қурти парваришланди. Улар режани ошириб бажарди. Туман бўйича 2 минг 598 қути уруғдан 143 минг килограммдан зиёд юқори сифатли пилла етиштирилиб, “Оққўрғон агро пилла” масъулияти чекланган жамияти билан тузилган шартнома ортиғи билан уддаланди.
Мавсумда, айниқса, “Оққўрғон”, “Қаҳрамон”, “Гулистон”, “Маданият”, “Ўзбекистон”, “Ҳамид Олимжон, “Алишер Навоий”, “Султонобод”, “Озод”, “Акмал Икромов”, “Қонқа” МФЙ пиллакорлари пешқадам бўлди. Уларнинг меҳнатлари “Оққўрғон агро пилла” МЧЖ ва туман ҳокимлиги томонидан тизимли равишда рағбатлантирилди.
"Кумуш тола"ни етиштириш бўйича Янгийўл тумани пиллакорлари ҳам илғорлар қаторида. Айни кунларда пиллачилар етиштирилган ҳосилни хирмонга топширишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу йил пилла боқувчиларга бир қатор имтиёзлар ва имкониятлар яратилди. Хусусан, 1 минг 806 қути ипак қуртидан жорий йилда 99 тонна пилла маҳсулоти олиш кўзда тутилган. Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз жоизки, етиштирилган пиллани топшириш вақтида аҳоли нақд пулларни тарози ёнида олади.
Тузилган шартномаларга асосан етиштирилган ҳосил қайта ишлаш корхоналарига жўнатилмоқда.
Чиноз тумани пиллакорлари бир кунда 4-4,5 минг килограммдан пилла топширмоқда. Туманнинг меҳнаткаш пиллакорлари жорий йилда 128 тонна пилла етиштиришни режа қилган. Дўстлик маҳалласидаги "Чиноз ниҳол Азизбек" фермер хўжалиги аъзолари ҳам биринчилардан бўлиб, зиммаларидаги вазифани 120 фоизга адо этди.
– Туманда фаолият юритаётган "Агропилла" масъулияти чекланган жамияти "Голден силк" фабрикаси билан шартнома тузган бўлиб, ҳозир пиллакорлар ҳосилнинг катта қисмини хирмонга етказиш ишлари билан машғул, – дейди туманда яшовчи Акбар Усмонов. – Бу ерда биз каби пиллани топшириш учун келганларга барча шароит яратилган. Оиламиз билан етиштирган ипак қуртининг 1 қутисидан 70-75 килограммгача пилла олдик, пули ҳам жойида тўланмоқда. Икки қути пилладан қарийб 3 миллион сўм даромад, ундан ташқари “бонус”лар ҳам бор.
Соҳада харид нархларининг оширилиши, тутзорлар майдонининг кенгайтирилгани ва пиллакорларни рағбатлантиришнинг тўғри йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Кузатувларга кўра, бу йил вилоятда пилла етиштириш ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ошди. Хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат занжири яратилиб, пиллакорлар даромади ортмоқда.
Манба: ЎзА