РАСМИЙ БАЁНОТ: Коронавирус аҳоли орасида кенг тарқалмоқда, 14 фуқаронинг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 4 минг 182 нафарга етди. 5 июнь куни 21, касаллик қайд этилгандан буён эса 3 минг 268 нафар, яъни 79 фоиздан зиёд бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 896 бемор даволанмоқда, 11 нафарининг аҳволи оғир, 3 нафарининг аҳволи ўта оғир. 49 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Уларнинг 22 мингдан ортиқроғи стационар шароитда карантинга жойлаштирилган.
Ҳурматли юртдошлар!
Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаблигича сақланиб турибди. Кейинги пайтларда касалликнинг аҳоли орасида қайд этилиши ҳам ортиб боряпти. 4 июнь куни 13 ҳолатда касаллик аҳоли орасида қайд этилган бўлса, 5 июнь куни бу кўрсаткич 17 тага, 6 июнь куни эса 20 тага етди.
Бундан кўриниб турибдики, вазият ўта жиддий, аҳоли орасида касалликка чалинганлар бор. Демак ҳар биримиз кўчага чиқиш ва мулоқотга киришиш жараёнида касалликни юқтириб олишимиз мумкин. Шундай экан, дока ниқоб тақиб юриш, масофани сақлаш, қўлларни антисептик воситалар билан зарарсизлантириб туриш сингари барча тавсияларга амал қилинг.
Манба: ЎзА