Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тўра Боболов: Денов – хорижликлар ҳам ҳавас қиладиган янги қиёфадаги обод туманга айланади

2020-06-06 | Жамият

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Денов тумани фаолларининг навбатдаги йиғилишида Президентимизнинг «2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилди.

Денов тумани воҳада аҳоли энг кўп жойлашган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу пайтгача туман бош режасида урбанизация талаблари инобатга олинмаган бўлиб, ижтимоий, маданий ва иқтисодий иншоотлар узоқни мўлжалламай барпо этилган. Оқибатда туман маркази жуда зич бўлиб қолди. Транспорт ҳаракатланишида тирбандлик пайдо бўлиб, йўл ва кўчалар, бозор ва бошқа жамоат жойларида айрим муаммоларга дуч келинаётган эди.
 
2020 — 2022 йилларда Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига асосан ҳудудда юзага келиб қолган муаммоларга чек қўйиладиган бўлди. Шунга мувофиқ тадбиркорлик, ҳунармандчилик, саноат, туризм, хизмат кўрсатиш ва аграр соҳани ривожлантириб, туман марказининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, унинг тарихий қисмини реконструкция қилиш ҳамда ободонлаштириш бўйича йирик ҳажмдаги ишлар амалга оширилади.
 
Дастур доирасида 505 та лойиҳани рўёбга чиқариш учун 3 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Жумладан, уч йилда 51 та саноат, 46 та хизмат кўрсатиш, 50 та қишлоқ хўжалиги, 67 та йўл-транспорт, 11 та ичимлик суви ва канализация, 105 та электр энергияси, 22 та газ таъминоти, 2 та ахборот-коммуникация, 51 та мактабгача таълим, 17 та умумтаълим мактаблари, 9 та соғлиқни сақлаш, 7 та маданият ва спорт, 38 та ободонлаштириш лойиҳалари бажарилиши керак. Шунингдек, кўп қаватли уй-жойларни қуриш ва иситиш тизими, тадбиркорлик, туризм каби соҳаларни ривожлантириш борасида ҳам кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
 
 
– Бу ишлар бажарилгач, Денов хорижликлар ҳам ҳавас қиладиган янги қиёфадаги обод туманга айланади, – деди вилоят ҳокими. – Бунинг учун замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, кўркам савдо ва ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш объектлари, «ақлли бекат»лар қурилади. Марказий деҳқон бозори ва унинг атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари, йирик саноат корхоналари, марказий жоме масжиди туман марказидан ташқарига кўчирилади. XVI-асрда бунёд этилган, бугунги кунда таъмирталаб бўлиб қолган «Саид-Оталиқ» мадрасаси мажмуаси ҳамда «Хожа Алоуддин Аттор» меъморий обидалари реконструкция қилиниб, тикланади.
 
Деновликларнинг асрий орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган ушбу дастурда 4р-108 «Денов айланма йўли», М-41 «Бишкек-Термиз-Душанбе» автомобиль йўлини боғловчи темир йўл устидан ўтган ҳамда туман марказидаги Гулистон ва Лолазор маҳаллаларини боғловчи Қизилсув дарёси устидан ўтувчи янги кўприклар қуриш ва бошқа иншоотларни барпо этиб, аҳолига барча қулайликларни яратиш режалаштирилган.
 
Фаоллар йиғилишида дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижроси атрофлича таҳлил қилиниб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари О. Абдураҳмонов иштирок этди.
 
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ

Манба: ЎзА

Поделиться