Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида
2020-05-21 | Ҳужжатлар
Эзгулик, саховат ва мурувват ойи бўлган муборак Рамазон ойи бу йил мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли уйда, оила даврасида, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида муносиб ўтказилмоқда. Эл-юртимиз турли синов ва қийинчиликлардан янада кучли ва қудратли бўлиб ўтган ҳолда, муқаддас Рамазон ҳайитини эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик билан кутиб олмоқда.
Ушбу улуғ айёмнинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни, унинг жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамиятини инобатга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 24 май – якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2020 йил 24 май Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 21 май
Манба: ЎзА