Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пенсионерлар тижорат банкини танлай оладими?
2020-05-18 | Жамият
Пенсияларни нақд пул шаклида етказишга ким масъул?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”и ПҚ-2826-сон қарорига мувофиқ, 2017 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида пенсиялар ва нафақаларни тўлаш фақат Халқ банки томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Халқ банки томонидан пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказишни ташкил этиш мақсадида Халқ банкига 4 минг нафар кассир ва назоратчи штат бирликлари ҳамда 590 та «Дамас» маркали автотранспорт воситаси ажратилиб, 2 мингта сайёр кассалар ташкил этилди.
Ушбу қарорга мувофиқ, пенсия ва нафақа пулларини нақд шаклда олувчи фуқароларга тўловлар Халқ банки сайёр кассалари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари биносида ҳар ойнинг 27-санасига қадар етказилмоқда.
Пенсияларни етказилганлиги учун ҳақ тўланадими?
Пенсиялар ва нафақаларни тўлаш бўйича Халқ банки томонидан кўрсатилган хизматлар учун пенсиялар ва нафақаларни етказиб бериш умумий суммаси ҳажмининг 1 фоизгача миқдорида хақ тўланиши белгиланган.
Ушбу кўрсатилган хизмат харажатлари Халқ банкига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тўланади ҳамда фуқаролар томонидан ушбу хизматлар учун тўлов тўланмайди.
Тўловларни банк картаси орқали тўлаш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, пенсионерларга пенсиялар уларнинг яшаш жойи бўйича нақд шаклда Халқ банки орқали ёки пенсионернинг хоҳишига кўра тижорат банкида очилган банк пластик карталари орқали тўланади.
Яъни, пенсионерларда пенсия ва нафақаларни банк картаси орқали олиш учун тижорат банкини танлаш ҳуқуқи мавжуд.
Бундан ташқари тўланиши лозим бўлган пенсия суммаси, пенсионернинг танловига кўра қисман нақд шаклда ва қисман банк пластик картаси орқали амалга оширилиши мумкин.
Банк пластик карталарга пенсия ва нафақалар ҳар ойнинг бошида (асосан 2-5 санада) юклаб берилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси