РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 517 бемор қолди, 8 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус юқтирган беморлар умумий сони 2741 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 2213 нафари тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 517 бемордан 7 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. 48 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Охирги бир куннинг ўзида 13 минг, касаллик дастлабки аниқланган кундан бугунга қадар 487 мингдан кўпроқ ҳолатда лаборатория текширувлари ўтказилган.
Карантин тадбирлари бир мунча юмшатилди, лекин бекор қилингани йўқ. Карантин тадбирларини нечоғлик фойдали ва самарали эканлигини барчамиз англаб етдик. Эндиликда ҳаммамиз бир муддат карантин тадбирларига риоя этишни давом эттиришимиз керак. Шундагина вазиятни барқарор ушлаб қоламиз. Ҳар бирингиз бугунги ҳолатни тўлиқ идрок этиб, масъулият билан ёндашадиган бўлсангиз, вазият чигаллашиб кетишининг олди олинади.
Манба: ЎзА