Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оила қадриятининг умри бардавом бўлмоғи шарт
2020-05-15 | Жамият
Ҳар қандай мамлакат ва давлатнинг энг катта бойлиги, кучи қудрати бу унинг бағрида яшаётган оилалар ва аҳолидир. Юрт тинчлиги оилалар тинчлигидан, эл-юрт фаровонлиги оилалар фаровонлигидан пайдо бўлади.
Мамлакатимизда бугунги кунда 34 миллиондан зиёд аҳоли бўлса – уларнинг 98 фоизи оилаларда истиқомат қилади. Ҳозирда республикамизда 8 миллион 200 минг оила бор. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, оила билан боғлиқ 50 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 дан ортиқ фармони, қарори ва фармойишлари, ҳукуматнинг 70 дан зиёд қарор ва фармойишлари ҳаётга кенг жорий этилмоқда.
Ўнлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари, минглаб соҳа мутахассисларининг меҳнати ҳам айнан оилалар маънавий соғлом, иқтисодий бақувват бўлишини таъминлашга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Энг катта бахт, мен буни минг марта қайтаришдан чарчамайман – оиламиз тинч бўлсин! Оила кичик ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса – ватан тинч бўлади, ” деган эзгу сўзлари ҳам оила қадриятининг нечоғлик устувор эканини англатади.
Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамият ва оилаларда соғлом, барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни, тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Аслида оила қадриятини асраш, оила институтини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш ҳамма даврларда ҳам долзарбдир. Бироқ бугунги глобаллашув шароитида оила ва оилавий тарбия масаласи янада долзарблик касб этмоқда.
Инсоният бугунга келиб табиий йўқотишлар қаторида маънавий таназзулларни, хусусан, оила, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, қўшничилик, дўстлик каби инсоний қадриятларга таҳдидларни бошидан кечирмоқда. Бу даврда ҳар қандай соҳанинг ёндашувлари, иш услублари янгиланмоққа муҳтожлик сезади. Бугун Ўзбекистон мана шундай янгиланиш, ислоҳ қилиш, дунёга оригинал нуқтаи назар билан қараш йўлидан бормоқда.
Бугуннинг олимлари яхши биладиларки, ҳар қандай янгилик ҳам аслида эскиликнинг сайқалланган бир намунасидир ва ҳеч бир янгилик ўз ўзагидан ўсиб чиқмайди, балки унинг эски бир нусхаси, илдизи асрларнинг қаърида яшаётган бўлади.
Оилавий низоларни ҳал этишнинг усули ҳам аслида жуда қадимий бўлган эски воситадир, иш услубидир. Масалан, азалдан ва бундан 20 йиллар олдин ҳам бир оилада ўзаро низо юзага келса, уришган эру хотин иккита кайвони ва обрўли одамнинг насиҳати билан ярашиб кетиши мумкин эди. Маҳаллаларимизда “Яраштириш комиссия”лари узоқ йиллар жамоатчилик асосида шу йўсинда ишлаб келмоқда ҳам.
Аммо эндиликда яраштириш амалиётидаги баъзи ёндашувларимиз етарлича натижа бермаяпти. Бугуннинг одамларига, фуқароларимизга бошқача таъсир чораларини кўриш зарур бўлмоқда. Қолаверса, оилавий ажримлар, нотинч оилалар, ўзаро келишмовчиликлар каби кўрсаткичларимиз энг авж даражаларда юқориласа юқориладики, пасаймаяпти ва бу ҳолатлар барчамизни хавотирга солмоқда.
Ҳаётий мисол тарзида ўтган йилларда бир маҳалладаги битта кўчадан 27 нафар қиз турмушга чиққан бўлса, шу қизларнинг 70 фоизида ажрим ҳолати кузатилганини келтириб ўтиш жоиз. Пойтахтимизда қурилган янги ҳар 10 оиладан 4 таси ажралиб кетаётгани ҳам бор гап.
Лекин, ҳар қандай вазиятда ҳам оила деб аталмиш муқаддас қадрият дунёнинг безаги ва одамзотга ҳаётнинг асл маъносини эслатиб турадиган омил эканини, уни асраш, уруш ва жанжаллардан ҳоли сақлаш лозимлигини халқимизга уқтириш, таъкидлаш, тарғиб этишдан тўхтамаслигимиз даркор.
Биз бу борада янгиликларни қўллашимиз учун ўз қадриятларимиз ва услубларимиздан воз кечишимиз шарт эмас, балки урф-одат ва қадриятларимизни замонга мослаштирмоғимиз лозим бўлади.
Шу маънода бугун тилимизга тобора ўрнашиб бораётган инновацион, креатив деган сўзлар воситасида ишлаш руҳини янгиламоғимиз зарур. Чунки замон ва унинг одамлари биздан шуни талаб этмоқда. Биласизки, тиббиётда одам жисмини ўрганиш учун ҳам алоҳида ёндашувлар бор. Худди шундай инсон руҳияти, психологияси билан боғлиқ масалаларда бизга илм ёрдамга келади.
Шу боис Президентимиз ҳар бир муаммони, масалани ҳал этишда билдирган фикрлари биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу ўринда “Медиация тўғрисида”ги қонун низоли оилалардаги муҳитни мўътадиллаштириш, соғломлаштириш мақсадида миллий мезонлар замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириб ишлаб чиқилганини эътироф этиш жоиз.
Шунингдек, медиация бўйича интернет орқали кўпгина хорижий тажрибаларни ҳам кузата туриб, қайси ирқ, миллат ва динга мансублигидан қатъи назар, инсониятнинг уйғун, муштарак ва мужассам қоидалари мавжудлигидан ҳайратландим.
Муқаддас динимизда, илоҳий кучга эга китобларимиз, ҳадисларимизда медиациянинг асоси бўлмиш – инсонни қадрлашни, унинг ҳуқуқини таъминлашни шарқона дипломатия қоидалари, яъни муросаю мадора, яхшилик ва савоб йўлида воситачилик услубини қўллаш орқали ҳал этиш аллақачонлар белгилаб қўйилганига гувоҳ бўлдим.
Эътироф этиш жоизки, инсоният бошидан коронавирус пандемияси оқибатида синовли кунлар кечаётган бир даврда Ўзбекистон оилаларидаги тарихий ва маънавий қадриятлар, ўзаро ҳамжиҳатлик, қўни-қўшничилик, меҳр-оқибат, хайр-саховат ва шукроналик каби фазилатлар яққолроқ намоён бўлмоқда.
Пандемиядан кейинги ҳаёт аввалгидек бўлмаслигини тушуниб етдик. Энди соғлом турмуш тарзи, қўлни ювиш, гигиеник қоидаларга амал қилиш, жисмоний фаоллик ва маданият, тўғри овқатланиш каби сўзлар шунчаки ҳавойи, расмий ҳисоботлар учун эмаслигини англаб етдик. Чунки, коронавирусдек вазиятларни мураккаблаштирган вирус хавфини оддий гигиеник қоидаларга амал қилиш билан енгиш мумкинлигини кўрдик.
Бу йил 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан ўтказиладиган онлайн тадбирлар моҳиятида ҳам шу ғоя мужассам этилган.
Жумладан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари ҳудудларда ўтказиладиган тадбирларни юқори савияда ташкил этишга катта урғу беради.
Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Оила муқаддас”, “Бизнинг аҳил оила” каби мавзуларда онлайн танловлар ўтказиш, #oilamfaxrim, #oilamuqaddas хэштеги остида флэшмоблар ташкил этиш режалаштирилган.
Бу каби эзгу ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимиз оилаларининг мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшишига ишонамиз.
Манба: ЎзА