Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон транспорт вазирлари видеоконференция шаклида музокара ўтказди
2020-05-13 | Иқтисодиёт
Транспорт вазирлигида Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон транспорт вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ўртасида видеоконференция шаклида музокара ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Акмал Камолов, Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Раҳимов ва бошқалар ушбу делегация таркибидан жой олди.
Онлайн учрашувда транспорт соҳасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро транспорт-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Коронавирус пандемиясининг савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга салбий таъсирини камайтириш чоралари тўғрисида фикр алмашилди.
Логистика соҳасида алоқаларни ўрнатиш, турли йўналишларда юкларни барқарор ташишни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Видеоанжуманда Элёр Ғаниев сўзга чиқиб, пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида транзит юкларни ташишни тиклашнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Транспорт соҳасида чеклов чоралари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва чекловларни юмшатишни таклиф қилди.
“Санитария-эпидемиология стандартлари шартларига риоя қилган ҳолда давлатларимиз ҳудудлари орқали автомобиль транспортида юкларни ташишда чекловларни юмшатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарур”, деди Э.Ғаниев.
Тадбирда мамлакатларимиз транспорт соҳасида мавжуд қонун ва қоидалар тўғрисида маълумот алмашишга келишиб олинди.
“Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон” транспорт йўлаги орқали юк ташишни ташкил қилиш имкониятлари ўрганиб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги