РАСМИЙ БАЁНОТ: 2017 фуқарода коронавирус инфекцияси қайд этилган, 8 беморнинг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекцияси қайд этилган 2017 фуқаро рўйхатга олинган. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 71 беморнинг 13 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 79 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 89 бемордан 27 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 3 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Касалликка чалинганларни даволашда эришилаётган ютуқлар ҳақида хабар топяпсиз. Айни пайтга келиб, 1096 ҳамюртимиз касалликдан тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. 897 бемор шифохоналарда даволаш муолажаларини оляпти.
Куни кеча Президентимиз видеоселектр йиғилишида карантин тадбирларини бир мунча юмшатиш бўйича кўрсатмалар берди. Албатта, бу каби кўрсатмаларнинг берилиши ҳаммамиз учун қувончли ҳолат, қувончли хабар.
Карантин ва чеклов тадбирлари нечоғлик самара берганини кўриб турибмиз. Биз айнан мана шу тадбирларга риоя қилганимиз сабабли касаллик кенг авж олиб кетишига йўл қўймадик. Сиздан билдирилган ишончни суиистеъмол қилмасдан, мабодо кўчага чиққудек бўлсангиз оралиқ масофани сақлашни, дока ниқоблар тақишни, ортиқча мулоқотлардан ўзингизни тийишингизни илтимос қиламиз. Яна бир муддат мана шу карантин тадбирларига риоя этиш орқали, албатта вазиятни барқарорлаштиришга эришамиз.
Манба: ЎзА