Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2020-04-29 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш орқали республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни янада ривожлантиришнинг қўшимча вазифалари этиб белгилансин:

2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтиришни назарда тутган ҳолда, шу жумладан, ишлаб чиқаришни бошқаришда ахборот тизимлари комплексини жорий қилиш, молиявий-хўжалик фаолиятда ҳисобот юритишда дастурий маҳсулотлардан кенг фойдаланиш, шунингдек, технологик жараёнларни автоматлаштириш орқали уни жадал шакллантириш;

2020-2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини оширишни кўзда тутган ҳолда мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни назарда тутган ҳолда давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш ҳамда интеграция қилиш, давлат маълумотлар базаларидаги ахборотларни унификация қилиш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш тартиботларини оптималлаштириш ва тартибга солиш орқали электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш;

дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали “рақамли тадбиркорлик”ни ривожлантириш, 2023 йилга келиб ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ва уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш;

таълим тизимининг барча босқичларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган рақамли билимларнинг даражасини ошириш, таълим инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, “Беш ташаббус” лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2022 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларида рақамли билимларга ўқитиш марказларини очиш.

2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик):

рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади;

рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг лойиҳалари ва техник ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини мажбурий экспертизадан ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида (кейинги ўринларда – Агентлик) крипто-активлар ва блокчейн технологиясини жорий этиш бўйича ваколатлар сақлаб қолинсин.

3. Вазирлик ҳузурида қуйидагилар:

а) “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

электрон ҳукуматни ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомининг ягона идоралараро электрон тизимини жорий этиш;

электрон ҳукумат соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш босқичларини мувофиқлаштириш;

б) “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” давлат муассасаси ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқаришга рақамлаштириш жараёнларининг таъсирини баҳолаш;

экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорликда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасида янги йўналишлар ва замонавий технологияларни чуқур ўрганиш орқали уларни давлат органлари ва ташкилотларида кенг жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

иқтисодиётнинг турли тармоқларида “ақлли” ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишловчи технологияларни жорий этишнинг концептуал ва услубий асосини шакллантириш.

4. Вазирлик марказий аппарати тузилмасида:

аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилсин;

Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ва Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ташкил қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, ушбу бандда назарда тутилган вазир ўринбосари лавозимини киритиш ва бошқармаларни ташкил қилиш Вазирлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг умумий чекланган сони доирасида амалга оширилади.

6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг марказий аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Агентликнинг:

“Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улушини (кейинги ўринларда – Ягона интегратор) Вазирликка беғараз асосда ўтказиб бериш;

Вазирлик ташкилий тузилмасидаги хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетларини (улушларини) Вазирликка ўтказиб бериш;

Агентлик қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат унитар корхонасининг ахборот тизимлари ва бошқа аппарат-дастурий комплексларини бир ҳафта муддатда Вазирлик ҳузуридаги “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасасига беғараз асосда ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

8. Қуйидагилар:

“Электрон ҳукумат” тизимининг архитектураси 4-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати 5-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати 6-иловага мувофиқ;

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 7-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда ахборот технологиялари ва телекоммуникацияларини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати 8-иловага мувофиқ;

2020-2021 йилларда қишлоқ ва сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ушбу қарор билан тасдиқланган лойиҳалар рўйхатига аниқлик киритиш ҳуқуқи берилсин.

9. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасида (кейинги ўринларда – Жамғарма) электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобрақам очилсин.

Жамғарма махсус ҳисобрақамининг даромад манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг тақсимлангунига қадар бўлган 35 фоизи;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва барча турдаги тўловларнинг 11,25 фоизи, шунингдек, Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари ва бошқа тўловлардан тушадиган маблағларнинг 0,5 фоизи;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.

Белгилансинки, абонент рақамларидан фойдаланганлик учун тўлов, маблағларнинг тегишли қисми Жамғарманинг махсус ҳисобрақамига ўтказилгандан сўнг, бошқа олувчилар орасида маблағларнинг қолган қисмидан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда тақсимланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган мақсадларга йўналтирилади.

10. Белгилаб қўйилсинки:

давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш, интеграция қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича умумий қиймати 1 миллиард сўмгача бўлган битта шартнома доирасида танловларни фақат Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки резидентлари ўртасида ўтказиш ҳуқуқига эга;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида ишлатиладиган барча ахборот тизимлари ва ресурсларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги фақат “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали амалга оширилади.

11. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки резидентлари томонидан оммавий молиялаштириш (краудфандинг) ва опцион-шартномаларни тузиш тартибини белгилаш бўйича таклиф киритсин.

12. “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси Ягона интегратор билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ахборот хизматларини, жумладан, хабардор қилиш характеридаги маълумотларни тақдим этувчи давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган Электрон ҳукумат хизматлари ҳақида ахборот бериш ва хабардор қилиш тизимини ишлаб чиқсин.

13. Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига эгалик қилиш, уни юритиш ва бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.

Агентлик бир ой муддатда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимининг унга тегишли барча мол-мулк ва асбоб-ускуналари билан биргаликда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига белгиланган тартибда топширилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 августга қадар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни фақат почта алоқа объектлари тармоғи орқали етказиб бериш тартибини белгиласин.

Вазирлик 2020 йил 1 августга қадар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан почта алоқаси объектлари тармоғи орқали йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни жисмоний ва юридик шахсларга етказиб бериш ва етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизимини жорий этсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–3549-сон қарори 4-банди, шунингдек, қарорга 2-4-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Вазирлик манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 28 апрель

Манба: ЎзА

Поделиться