Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий масалалар вилоятлар кесимида манзилли кўриб чиқилмоқда
2020-04-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари муҳокамасига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Бир ойдан ортиқ давом этаётган карантин шароити барчага, энг аввало давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари учун синов ва тажриба бўлмоқда. Пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига, тадбиркорлар фаолиятига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, аниқ вазифалар белгилаб борилмоқда.
22 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқларини барқарор ишлатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари Самарқанд ва Наманган вилоятлари мисолида муҳокама қилинган эди. Бу галги йиғилишда Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида шу борада амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Эпидемиологик вазият ҳақида гапирганда, Фарғонада 120 нафар, Қашқадарёда 6 нафар фуқаро коронавирус билан касалланган.
Карантин даврида Фарғонада 10 минг, Қашқадарёда 11 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари кескин камайган. Бунинг оқибатида айни пайтда ишсизлар сони ошган. Ундан ташқари, Фарғонада 56 мингта, Қашқадарёда 91 мингта эҳтиёжманд оила мавжуд.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ушбу вилоятлар ҳокимларига касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган туман ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш топшириғи берилди.
Жорий йилда қурилиш ва реконструкция ишлари учун Фарғонадаги 130 та объектга 632 миллиард сўм, Қашқадарёдаги 132 та объектга 536 миллиард сўм ажратилган. Лекин биринчи чоракда маблағларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш режадагидан анча ортда қолган.
Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлаш учун қурилишларни давом эттиришга рухсат берилганини инобатга олиб, мазкур икки вилоятдаги объектларда белгиланган ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш – энг долзарб масала. Бу борадаги катта резервлардан бири эса боғ ва токзорлар қатор ораларидир.
Фарғона вилоятида 34 минг гектар, Қашқадарёда 22 минг гектардан ортиқ майдонларда боғ ва токзорлар бор. Лекин ҳар йили фақат 20 фоиз қатор ораларига экин экилади, холос.
Шундан келиб чиқиб, ушбу вилоятлар ҳокимларига мавжуд боғ ва токзорлар қатор ораларига тўлиқ экин экилишини ташкил қилиш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларда қудуқ қазиб, аҳолига бўлиб бериш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун Фарғонага 15 миллиард сўм, Қашқадарёга 11 миллиард сўм ажратилган.
Кам таъминланган оилаларга қорамол, парранда ва асалари уяси тарқатиб, кооперация асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Бу йил сув камлиги сабабли Ўзбекистон, Учкўприк, Ёзёвон, Қўштепа, Миришкор, Нишон, Муборак ва Касби туманларида такрорий экинларни суғоришда қийинчиликлар бўлиши мумкин. Шу боис ушбу ҳудудларда сув кам талаб қиладиган, экспортбоп дуккакли экинлар экиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Ғалладан бўшаган майдонларнинг 50-60 фоизига фермер ўзи ишчилари билан экин экиши, қолган қисмини карантин шароитида вақтинча ишсиз қолган ва кўмакка муҳтож аҳолига бўлиб беришни ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда корхоналарни ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ҳисобот берди.
Шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга манзилли моддий кўмак бериш борасидаги ишлар, тадбиркорлар илгари сурган ташаббуслар ҳақида айтиб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти