Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан экинларни пушталарда етиштириш билан шуғулланадиган деҳқонлар учун энергия ва ресурс тежамкор техника воситаси, яъни пушталарга ҳажмий ишлов берадиган қурилма яратилди.
Ушбу механизм экинларни пушталарда етиштиришда юқори самара беради.
Эрта баҳор пайтида чигит экишдан олдин далаларга ишлов бериш чопиқ тракторларига ўрнатилган осма тишли тирмалар воситасида амалга ошириб келинмоқда. Аммо пушталарга уларнинг бутун профили бўйича тўлиқ ишлов берилишини таъминламайди. Натижада, пушталарнинг ёнбағирлари ва эгатларида тупроқдаги намнинг сақланишини таъминловчи майин қатлам ҳосил бўлмайди ва униб чиқаётган бегона ўтлар тўлиқ йўқотилмайди.
Олимлар томонидан яратилган янги ихтирога патент олинган. Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳамда Наманган вилояти Поп ва Уйчи туманлари фермер хўжаликларида янги қурилманинг дала синовлари муваффақиятли ўтказилди. Шу билан биргаликда пушталарга ишлов берадиган қурилманинг саноат нусхаси яратилган. У бир ўтишида пушталарнинг эгатлари туби, ёнбағирлари ва тепаларини сифатли юмшатиб, бегона ўтларни тўлиқ йўқотади, уларнинг юзасида майин тупроқ қатламини ҳосил қилиб кетади.
Аҳамиятлиси, ёнилғи сарфи 1,57 мартага ва фойдаланишдаги харажатлар 40,8 фоизга камаяди.
А.Мусаев
Манба: ЎзА