Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бутунжаҳон ижодкорлик ва инновацион фаолият куни муборак!
2020-04-21 | Инновация
Барча соҳалардаги билимларни сақлаш, кўпайтириш ва тарқатиш йўли билан иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда, жумладан ақлий фаолият билан шуғулланадиган ҳар қандай йўналишларда миллатлараро ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 21 апрелни Бутун жаҳон ижодкорлик ва инновацион фаолият куни деб эълон қилган.
Унга кўра, мамлакатларнинг барқарор ривожланиши кичик ва ўрта бизнес тармоқларининг инновацияларга мойиллигини қўллаб-қувватлашга боғлиқдир. Шу билан бир қаторда ижодий фаолият жамият иқтисодий ўсиши стратегиясининг таркибий қисми саналади. Оммавий тарзда тадбиркорлик, ижодий ва инновацион фаолият билан шуғулланиш барчанинг, хусусан ёшлар ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиради.
2020 йилда 21 апрель – бутунжаҳон ижодкорлик ва инновацион фаолият кунини пандемия шароитида нишонлар эканмиз, бундай шароитда Президентимиз ва ҳукуматимиз олдимизга қўйган вазифаларни вазиятдан хулоса чиқарган ҳолда, янги усул ва ечимлардан фойдаланиб амалга ошириш биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси ва Ўзбекистон илм-фани намояндалари пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг барвақт олдини олиш, мавжуд вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилиниши ва уларнинг ечимига аниқ режа ва пухта чоралар билан тайёр турибди.
Турли инновацион лойиҳаларни жорий қилиш учун ўтказилаётган стартап лойиҳаларида, республикамизда COVID-19 коронавирусга қарши самарали курашиш, касалликнинг республикамиз ҳудудида тарқалишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган амалий лойиҳалар танловлари пандемияни енгиб ўтиш, унинг асоратларини енгиллаштиришга қаратилган.
Ўз навбатида 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсади – инсон капиталини ривожлантириш мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этишини таъминлашга қаратилган. Карантин даврида ўқувчилар ва талабалар учун масофадан дарс ўтиш тизимининг ташкил этилгани, олимларимиз тадқиқотчиларимиз учун онлайн мулоқотлар, вебинарлар ташкил этилаётгани инсон капиталининг ривожаланишига давлатимиз томонидан берилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик намунасидир.
Мамлакатимизда улкан яратувчилик жараёнлари ўз шиддати ва кўлами билан давом этмоқда. Ушбу имтиҳон давридан халқимиз янада билимли, тадбиркор ва ижодкор бўлиб чиқишини тилайман!
Иброҳим Абдураҳмонов
Инновацион ривожланиш вазири
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги