Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
#СаёҳатЭртага: UNWTO Бош котиби Ўзбекистонни янги туристик кампанияга қўшилишга чақирди
2020-04-21 | Туризм
Бутунжаҳон туристик ташкилоти (UNWTO) Ўзбекистонга миллий таом тайёрлаб, гастрономик кампанияга қўшилишни ва шу тариқа бутун дунё бўйлаб тобора кўпроқ мамлакатларни қамраб олаётган #СаёҳатЭртага кампанияси ривожига ҳисса қўшишга таклиф қилмоқда.
UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвилининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга йўллаган мактубида шу ҳақида маълум қилинган. “Туризм оддий саёҳатга нисбатан кенгроқ тушунча бўлгани каби, гастрономия ҳам шунчаки таом тайёрлашдан кенгроқ тушунчадир. Мен Сизни мамлакатингизнинг миллий таомини намойиш қилиб, гастрономик кампанияга қўшилишга таклиф этаман”, - дейилади хатда.
UNWTO Бош котибининг таъкидлашича, бу дунё аҳлига туризмнинг синовга бардошлилигини белгилаб берувчи асосий қадриятлар (турли маданиятларни кашф қилиш ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишг)ни эслатиш, муносиб иш ўринларини яратиш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш имконини беради.
Зураб Пололикашвилининг сўзларига кўра, ушбу қадриятлар орасида гастрономия маданият, мерос ва анъаналар акси сифатида юқори ўринни эгаллайди ҳамда умумийлик ҳиссини беради. “Миллионлаб одамлар уйда ўтирган бир вақтда биз маҳаллий таомлар мазаси орқали уларнинг орзуларидаги туристик йўналишларга яқинлашишга ёрдам берамиз.
Бу #СаёҳатЭртага кампанияси доирасида ЮНВТО томонидан йўлга қўйилиши режалаштирилаётган янги лойиҳадир”, дейилади хатда. Туризм бугунги инқироздан энг кўп жабрланган секторлардан бири ҳисобланар экан, бундай даврда соҳанинг инсон омили билан боғлиқ қадриятларига алоҳида урғу бериб, бирдамлик ва ҳамжиҳатликда коронавирус билан боғлиқ хавфни бартараф этиш муҳим.
Апрель ойи охирида йўлга қўйиладиган #СаёҳатЭртага кампаниясининг мақсади ҳам шунда. Таъкидлаш жоизки, бу UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвилининг пандемия даврида Азиз Абдуҳакимовга йўллаган иккинчи хати бўлиб, биринчи хатда коронавирус асоратларини юмшатишга оид тавсиялар берилган эди.
Бу Бутунжаҳон туристик ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида яқин ва ишончли муносабатлар йўлга қўйилганидан далолат беради. Томонлар коронавирус асоратларини юмшатиш ҳамда пандемия тугаганидан кейинги даврда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича мунтазам равишда фикр алмашишмоқда. Ушбу ҳамжиҳатлик пандемия ва ундан кейинги даврда туризм тушунчасига янгича ёндашиш, мамлакатимизда янги туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш, туризмнинг алоҳида турларини ривожлантиришда албатта ўз самарасини беради. Энг кўп ўқилганлар
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги