Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг соҳа ходимларига МУРОЖААТИ
2020-04-18 | Жамият
18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда 18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади.
Барчамизга маълумки, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аҳолининг кундалик эхтиёжларини қондириш, улар учун қулай яшаш шароитини яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Ана шундай муҳим соҳада фаолият юритаётган соҳа мутахассисларининг фидокорона меҳнати туфайли аҳолига тоза ичимлик суви ва иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда. Шаҳар ва туманларимиздаги кўп квартирали уй-жойлар обод бўлмоқда, йиллар давомида аҳолимизни қийнаб келаётган муаммолар изчиллик билан ҳал қилинмоқда.
Бугунги синовли кунларда ҳам соҳада фидокорона фаолият юритаётган минглаб ҳамкасбларимиз давлатимиз томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини кўшиб келмоқда.
Карантин шароитида санитария-гигиена қоидаларига амал қилишда ўта муҳим бўлган тоза ичимлик ва иссиқ сувни аҳолига етказиш учун ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатаётган минглаб соҳа ходимларининг ҳар куни қаҳрамонликдан, хайрли ишлардан иборат, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам чуқур ислоҳ қилинмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 18 апрель куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилиб, ўтган давр мобайнида соҳани ривожлантириш бўйича 9 фармон ва 15 қарор қабул қилинди. Инвестицион дастурлар доирасида давлат бюджетидан маблағлар ажратиб борилиши, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан 18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни этиб белгиланиши давлатимиз раҳбарининг ушбу тизимга алоҳида эътиборини яққол кўрсатиб турибди.
Бунинг натижасида соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган мутлақо янги марказлашган бошқарув тизими жорий этилди. Аҳолининг тоза ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти сифатини сезиларли даражада оширишга, кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришга эришдик.
Шу ўринда 2019 йил вазирлигимиз тарихида салмоқли йил бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. 1,7 триллион сўм миқдордаги бюджет маблағлари ҳисобидан 550 дан ортиқ объект фойдаланишга топширилди. Халқаро молия институтлари ҳамкорлигидаги 10 йирик лойиҳа доирасида 99 миллион долларга яқин кредит маблағлари ўзлаштирилди. Натижада 800 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти, 75 мингдан ортиқ аҳолининг оқова сув хизматлари яхшиланди.
Иссиқлик таъминоти соҳасини ривожлантириш натижасида қўшимча 300 дан ортиқ кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи 50 мингга яқин аҳолининг иссиқлик таъминоти қайта тикланди. Илк бор халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилди. Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва Тошкент шаҳрининг Сергели туманида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш учун Жаҳон банки иштирокида 220,7 миллион доллар қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишни бошладик.
Шаҳар ва туманлардаги 5 минг 400 дан ортиқ кўп квартирали уй таъмирланди, уйларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилди, 1 минг 500 дан ортиқ болалар майдончаси, 188 тандирхона, 115 санитар узел қурилди ва таъмирланди.
Эътирофга лойиқ бўлган шу каби ютуқларга биз биргаликда эришдик. Ҳар бир ходимимиз, у хоҳ раҳбар бўлсин ёки оддий чилангар, бунга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шу билан бирга, хотиржамликка асло берилмасдан, ўтган йили амалга оширган ишларимизни танқидий таҳлил қилиб, соҳамиз фаолиятига нисбатан аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш зарур.
Афсуски, коронавирус пандемияси барчамизнинг турмуш тарзимизга ўзгаришлар киритди. Лекин ҳаёт тўхтагани йўқ. Соҳани ривожлатириш, аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш борасида 2020 йилда олдимизда долзарб вазифалар турибди. Уларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бизнинг зиммамизда.
Бу борада, қуйидаги долзарб масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларидаги маърузаларида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига оид вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш бош вазифамиздир.
"Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" Давлат дастурида вазирлигимизга юклатилган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш алоҳида эътиборимиз марказида бўлади.
Соҳанинг самарали фаолият юритишини таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишларимизни давом эттирамиз. Жорий йилда “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги, “Сув таъминоти ва оқова хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Уй-жой кодексининг янги таҳрири лойиҳаларини ишлаб чиқишимиз зарур. Шу билан бирга, “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментни якунлаб, 2020 йил 1 июнга қадар ушбу хужжат нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига таклифлар киритамиз.
Вазирлигимиз тизимида “Ахборот технологиялари йили” деб эълон қилинган 2020 йилда соҳага ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш бўйича бошлаган ишларимиз энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлади. Шу боис соҳадаги қурилиш жараёнларининг онлайн мониторингини юритиш ва назоратини амалга ошириш учун “Смарт қурилиш”, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича “Обод ҳудуд” ҳамда кадрлар мониторингини юритиш ва ижро интизомини назорат қилиш бўйича “Вазифалар бажариш тизими-ВБТ (KPI)” ва “Pro Suit” дастурий таъминотларни амалиётга татбиқ этиш талаб этилади.
Айни вақтда сув таъминоти ва оқова сув тизими объектлари бўйича ягона геоахборот тизими ҳамда республиканинг сув ресурсларини бошқариш тизимини автоматлаштиришни таъминлайдиган «Рақамли сув таъминоти корхонаси» тизими жорий этилади.
Соҳа инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд тизимни модернизация ва реконструкция қилиш ишларини давом эттирамиз. 2020 йил учун қабул қилинган инвестиция дастурлари доирасида ушбу мақсадларга ажратилган 1,4 триллион сўм марказлашган маблағларни самарали ўзлаштириб, қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган 302 объектни ўз вақтида фойдаланишга топшириш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Шу билан бирга, халқаро молия институтлари ҳамкорлигидаги 13 йирик лойиҳа доирасида 144,6 миллион доллар кредит маблағлари самарали ўзлаштирилиши таъминланади.
Бунда қурилиш ишлари сифатини таъминлаш “лойиҳадан фойдаланишга топширишгача” бўлган узлуксиз занжирнинг самарали фаолиятини йўлга қўйишимиз муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йил якуни билан ушбу ишларни амалга ошириш натижасида 700 мингдан ортиқ аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти, 65 мингдан ортиқ аҳолининг оқова сув тизими ва 50 мингдан ортиқ аҳолининг иссиқлик таъминоти яхшиланишига эришамиз.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг таркибидаги ҳудудий сув таъминоти масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўришимиз талаб этилади. Бу борада, авваламбор етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасининг сув таъминоти ва сув чиқариш тизимини ривожлантириш стратегияси концепциясини амалиётга татбиқ этиш жорий йилда асосий вазифаларимиздан бири бўлиши керак.
Соҳани ривожлантиришга қаратилган шу каби муҳим вазифалар билан бир қаторда карантинга оид чоралар амал қилиш даврида аҳоли хонадонларига ва тиббиёт муассасаларига, айниқса, махсус карантин объектларига узлуксиз тоза ичимлик сувини етказиб бериш, кўп квартирали уй-жойларни иссиқ сув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Уйлар ва унга туташ ҳудудларни дезинфекциялаш тадбирларини мунтазам равишда амалга ошириш учун сув ва иссиқлик таъминоти ташкилотлари, барча диспетчерлик ва авария хизматлари кучайтирилган иш режимида фаолиятини давом эттиради.
Барчамизни ташвишга солган иллатга қарши курашиш юксак тафаккур, темир интизом сабр-тоқат ва чуқур масъулият талаб этади. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало, ўзимиз масъулмиз.
Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор барча ҳамкасбларимизни 18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни билан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга қут-барака, хотиржамлик, машаққатли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман!
Музаффар СОЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири
Манба: ЎзА