Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
РАСМИЙ БАЁНОТ: 624 юртдошимизда коронавирус аниқланган, 14 беморнинг аҳволи оғир
2020-04-10 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 624 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 98 беморнинг 25 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 9 нафарининг аҳволи оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган 110 бемордан 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.
Ҳозирги пайтда 86 мингдан кўпроқ фуқаромиз карантин муддатларини ўтаяпти. Бир кунда 8 минг 200 дан кўпроқ лаборатория таҳлиллари ўтказилган. Ушбу таҳлиллар натижасида беморлар аниқланиш кўрсаткичи 0,4-0,5 фоиз оралиғида бўляпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Баъзи юртдошларимизда ҳамон карантин тадбирлари ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Боиси, карантин муддати тугар-тугамас шу бўйича қайта-қайта мурожаатлар бўляпти. Бир нарсани аниқ билиб олишимиз керак: карантин 14 кунга белгиланади. Ушбу вақт мобайнида карантиндаги одамлар орасида касаллик чиқмасагина карантин ечилади. Агар 14 кун давомида касаллик пайдо бўладиган бўлса карантин яна 14 кунга чўзилади.
Карантин муддати узайтирилаётган бўлса, бунинг учун ортиқча таажжубланишга ҳожат йўқ. Бу сиз ва яқинларингиз саломатлиги йўлида қилинаётган ҳаракатдир.
Уйда қолинг, кўчага чиқманг, ортиқча мулоқотлардан чекланинг!
Манба: ЎзА