Вазир Раҳмат МАМАТОВ: "Ҳомийлик хайрияларини кўрсатиш истагини билдираётган ватандошларимиз сони кун сайин ортиб бормоқда"
Ҳозирда бутун дунёда бўлгани каби юртимиз аҳолиси ҳам оғир ва синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Бу эса барчамиздан янада жипс ва ҳамжиҳат, бирмушт бўлишни, юзага келаётган муаммоларни якдиллик билан ҳал этишни тақозо этади.
Муҳтарам Юртбошимиз 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқимизга учинчи бор мурожаат қилиб мазкур фикрларни бот-бот такрорлади.
Ҳақиқатдан ҳам давлатимиз томонидан коронавирус эпидемиясининг тарқалишининг олдини олиш, юзага келган мураккаб иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни имкон қадар енгиллатиш, аҳоли соғлиги ва тиббий хавфсизлигини сақлаш борасида мавжуд имкониятлардан фойдаланиш борасида қатор муҳим ислоҳотлар олиб борилмоқда. Президентимиз топшириғига асосан ташкил этилаётган мазкур тезкор чоралар натижасида бугунги кунда эпидемия билан боғлиқ вазият қаттиқ назоратга олинди.
Далатимиз раҳбари бу борадаги ўз фикрларини билдирар экан, вазиятга доир хатар, афсуски, ҳамон сақланиб турганлигини, бунинг натижасида юртимизда коронавирус касаллигига чалинганлар сони ортиб бораётганлигини, ҳатто кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, беморлардан 2 нафари вафот этганини чуқур қайғу билан таъкидлади ҳамда марҳум юртдошларимиз оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилди.
Бугун дунёдаги барча давлатлар бу касалликка қарши курашда ўз миллий характерини кўрсатаётгани, даволаш ва тиббий профилактика ишларини ташкил этишда турли ёндашувларни ишлаб чиқаётганини барчамиз кузатиб турибмиз. Шунингдек, кўплаб давлатларнинг юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзига ўтиши баробарида миллий урф-одатларига катта эътибор бераётгани бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлмоқда.
Президентимиз бу борада аҳолиси зич, яқин қўшни мамлакатларлар билан савдо алоқалари ривожланган Япония давлати мисолида вируснинг кенг тарқалишини олдини олиш тажрибасини алоҳида таъкидлаб ўтди. Мутахассислар томонидан “япон феномени” деб аталаётган ўзига хос, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда саломлашиш одоби, юз-қўлни ювиш, тўғри овқатланиш каби бир қатор ўзига хос одатлар кўпгина шарқ халқлари, хусусан, Ўзбекистон аҳолисининг ҳам кундалик турмуш тарзида муҳим аҳамият касб этади.
Азалдан қўлини кўксига қўйиб саломлашадиган, уйга келган меҳмонни қўлига сув қуйиб эъзозлайдиган халқимиз бугун ана шу қадриятларини янада қадрлаб, турмуш тарзига кенг олиб кирмоқда. Шунингдек, ҳар биримиз кундалик юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз зарур. Сабаби бугунги бой берилган имконият натижасида эртага йўқотганларимиз сони ортиши, бунинг оқибати эса халқимиз турмуш даражасига таъсир қилмай қолмайди.
Шу сабабли бугун ана шу муаммоларнинг олдини олиш, пандемия таъсирини тўхтатиш учун бутун дунё халқлари қатори биз ҳам жиддий ҳаракат қилишимиз, яқин келажагимиз учун истиқболли режаларни тузишимиз лозим.
Муҳтарам Юртбошимиз йиғилиш давомида мазкур жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда, иқтисодиётимизнинг муҳим томирлари бўлган тадбиркорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим фармонга имзо чекканлигини маълум қилди. Унга кўра, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга қатор солиқ имтиёзлари жорий этилади.
Аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди. Бу эса аҳоли эҳтиёжи учун ўта зарур бўлган озиқ-оақат маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетишининг олдини олади.
Яна бир муҳим хабар шуки, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун фуқароларимиздан қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Яъни, 6 ойлик муддати тугайдиган ижтимоий нафақаларнинг муддати автоматик тарзда 1 йилгача узайтирилади. Шунинг боробарида бу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам нафақалар тайинлаш амалиёти давом этаверади. Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади. Шунингдек, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган ҳунармандчилик фаолият тури билан шуғулланувчи ҳамюртларимиз ташаббус ва ғоялари тўла рағбатлантирилади, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиб берилади.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир мазкур тамойилларга алоҳида тўхталиб ўтар экан, коронавирус касаллигини енгишда энг муҳими хотиржамликни сақлаш, аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима тарқалишига асло йўл қўймаслик лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Мурожаат асносида нуроний отахонларимиз ва мунис онахонларимиздан ўз соғлиғини асраш, шифокорларнинг тавсияларини тўла бажариш, энг муҳими, карантин даврида кўчага чиқмасдан набиралар қучоғида вақт ўтказишларини сўрар экан, "кўпга келган ва жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунлар, албатта, ўтади. Бизнинг буюк ва танти халқимиз кўп асрлик тарихида не-не бало-қазоларни, урушлар ва очарчиликларни мардонавор енгиб ўтган. Бу синовдан ҳам муносиб ўтиб олишимизга қатъий ишонаман”, дея барчани яна бир бор ҳамжиҳатликка, бирдамликка чақирди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан билдирилган бу далда ва қатъий фикрлар ҳар бир ватандошимизга катта куч ва мадад бағишлаш билан бирга, ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқимизни, эртанги кунга бўлган ишончимизни янада оширади.
Видеоселектор йиғилишида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олдига ўта муҳим топшириқлар белгилаб берилди.
Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларини барча ҳудудларда самарали фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди. Биз бу фаолиятни барча бизнинг олдимизга жуда катта масъулият юклайди. Ўзэкспомарказда ташкил этилган Тошкент шаҳар маркази 1 апрель куни ташкил этилиб, 2 апрель кунидан бошлаб аҳолига хайрия ёрдамлари кўрсатишни бошлади.
Бугун мамлакат синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Бағрикенг, саховатпеша, ўзгалар оғирини енгил қилишни ўзининг инсоний бурчи деб биладиган халқимиз томонидан эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан ёрдам кўрсатилмоқда.
Бугунга қадар пойтахтимиздаги 3436 та ана шу тоифадаги оилага зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. Жумладан, Бектемир туманидаги 202 та, Миробод туманида 242 та, Олмазор туманида 341 та, Сергели туманида 360 та, Учтепа туманида 266 та, Шайхонтоҳур туманида 317 та, Чилонзор туманида 279 та, М.Улуғбек туманида 389 та Юнусобод туманида 477 та, Яшнобод туманида 229 та, Яккасарой туманида 334 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар мазкур маҳсулотлар билан таъминланди.
Андижон, Фарғона, Жиззах, Тошкент, Навоий, Бухоро, Сирдарё Қашқадарё, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё вилоятларининг ҳар бирига 10 тонна картошка, 5 тонна гуруч, 5 тонна макарон, 5 тонна ун, 5 000 литр ўсимлик ёғи, 5 тонна шакар юборилди.
Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бирига 140 тонна картошка, 5 тонна ун, 5 тонна макарон, 6 700 литр ўсимлик ёғи, 5 тонна шакар юборилди.
Жорий йилнинг 3 апрель куни ҳудудларга жами: 90 тонна картошка, 55 тонна гуруч, 65 тонна макарон, 65 тонна ун, 68 400 литр ўсимлик ёғи, 65 тонна шакар юборилди.
Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига давлат таъминоти ва ҳомийлар ҳисобидан маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Қувонарлиси, бу каби ҳомийлик хайрияларини кўрсатиш истагини билдираётган ватандошларимиз сони кун сайин ортиб бормоқда. Биз халқимизга ёрдам қўлини узатаётган саховатпеша ташкилот раҳбарлари ҳамда инсонларга Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ва кенг жамоатчилигимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Аминманки, ушбу синовли кунлар вақтинчалик. Биз бу кунлардан халқимизни эсон-омон, тўрт кўз тугал олиб чиқишда муҳтарам Президентимизнинг ёнларида туриб, бор куч ва имкониятларимизни сарфлаб ишлаймиз. Ва албатта, ёруғ кунлар кўп куттирмайди.
Раҳмат МАМАТОВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири
Манба: ЎзА