Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
РАСМИЙ БАЁНОТ: бир кунда дунё миқёсида 84 минг киши коронавирус юқтириб олган
2020-04-04 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда коронавирус қайд этилган беморларнинг умумий сони 241 нафарни ташкил этмоқда. Вирусология илмий-текшириш институтида даволанаётган 83 беморнинг 19 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғирроқ, деб баҳоланмоқда. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида 19 бемор даволаняпти. Улардан 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Аҳволи оғир деб баҳоланган беморлар интенсив-терапия муолажаларига ўтказилган.
Халқимиз тиббиёт ходимларини қўллаб турибди. Бу уларга куч беряпти. Ўйлаймизки, ушбу тадбирлар ўз самарасини беради.
Дунёдаги эпидемик вазият билан боғлиқ статистик маълумотларга кўра, бир кунда дунё миқёсида 84 минг киши коронавирус юқтириб олган. Шундай экан, карантин тадбирларига, тиббиёт ходимлари тавсияларига тўлиқ риоя қиладиган бўлсак вазият чигаллашишининг олдини оламиз ва яқин кунларда ижобий кўрсаткичлар билан халқимизни қувонтирамиз, деган умиддамиз.
Манба: ЎзА