РАСМИЙ БАЁНОТ: Беморларнинг 17 тасида пневмония белгилари, 4 тасининг аҳволи оғир, 2 нафари эса аҳволи нисбатан оғирроқ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда 3 апрель соат 9:00 ҳолатида коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 221 нафарни ташкил этди. Ҳозиргина Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти билан бўлган суҳбатда аниқландики, беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғирроқ, деб баҳоланмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Вазият мураккаблашиб бораётганини ҳали тўлиқ англаб етмадик, чамаси. Ҳанузгача карантин тадбирларига риоя қилмаслик, мантиқсиз, мақсадсиз кўчаларни кезиб юриш, тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Аҳамият берсангиз, ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларининг барчаси фақат коронавирусга оид кўрсатувлар, лавҳалар, роликлар беряпти. Нафақат, тиббиёт ходимлари, балки бошқа барча соҳа ходимлари коронавирус касаллиги профилактикаси бўйича нима иш қилишимиз кераклиги ҳақида қайта-қайта гапиряпти. Назаримда, бу каби тарғиботдан кейин касалликнинг клиник белгилари, ундан ҳимояланиш усуллари ёд бўлиб кетиши керак эди. Минг афсуски, ҳанузгача касаллик клиник белгилари кузатилсада, бунга бепарволик билан қараб, тиббиёт ходимларига мурожаат қилмасдан, узоқ муддат уйда қолиб кетиб, аҳволи оғирлашгандан кейин шифохонага мурожаат қилаётганлар бор. Куни кеча эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтига Х. исмли бемор олиб келинган. У олиб келиниши билан дарҳол сунъий нафас олиш аппаратига улашга эҳтиёж туғилди. Аҳволи ўта оғир, деб баҳоланди.
Шу ўринда савол туғилади: шу пайтгача, касаллик клиник белгилари пайдо бўлганда тиббиёт ходимига мурожаат қилмасдан, таваккал қилишга, эътиборсиз бўлишга ушбу беморни нима мажбур қилди? У ўз атрофидагиларни, яқинларини, оила аъзоларини, қўйингки кенг жамоатчиликни хавф остига қўйди. Мана шундай йўл тутиш хиёнат эканлигини у англаб етмадими? Ҳалиям кеч эмас. Кўзимизни очайлик, тиббиёт, ички ишлар, миллий гвардия, оммавий ахборот воситалари вакиллари тавсияларига амал қилайлик!
Мамлакатимизда касаллик дастлаб 15 март куни қайд этилган бўлса, мана 17 кунда касалланганлар сони 221 нафарни ташкил этди. Вазият жиддий экани ҳар биримизни сергак торттириши керак. Таваккал қилишга, ўз саломатлигимизни хавф остига қўйишга ҳаққимиз йўқ. Бошқаларни хавфга қўйиш, бошқаларга касаллик юқиш эҳтимолини юзага келтириш ва республикада вазият чигаллашиб кетишига олиб келишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ҳар ким ёдида тутиши керак. Илтимос, ушбу фикрларни оила аъзоларинигизга, яқинларингизга имкон қадар етказинг. Вазият мураккаблашиб кетгач, бу ишларни қилишимизга анча кеч бўлади.
Кузатувлардан маълум бўляптики, бир одамдан 400 дан ортиқ одамга касаллик юқиши мумкин экан. Тасаввур қилинг: мана шу 221 бемор вақтида алоҳидаланмаганда, одамлар орасида қолганида қандай вазият юзага келиши мумкин эди. Эҳтиёт бўлинг, онгли равишда йўл тутинг!
Манба: ЎзА