Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида россиялик мутахассислар кўмагида нефрология бўйича малака ошириш курслари олиб борилмоқда. Бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда, шифокорлар масофавий ўқитилади.
Малака ошириш курсида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан 15 нафар мутахассис, жумладан, нефролог, гемодиализ бўйича мутахассислар, реаниматологлар Россия Федерациясининг Ставрополь давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчиларининг ишланмалари ва тажрибаси асосида замонавий билимга эга бўлмоқда.
144 соатлик ўқув дастури тугагандан сўнг имтиҳон олиш ва сертификат бериш кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда тиббий малака оширишни баҳолаш учун кредит-модуль тизими жорий этилган. Ва халқаро тажрибага асосланган ўқув курсида қатнашиш нафақат замонавий билимларни, балки балл тўплаш имкониятини ҳам беради. Бу эса келгусида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги тегишли қарорига биноан амалга ошириладиган шифокорларни лицензиялашда муҳим роль ўйнайди.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари ва Ставрополь тиббиёт университети ўртасидаги ҳамкорлик ўтган йилнинг сентябрь ойидан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташаббуси билан бошланган. Ўшанда Миллий палатанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси директори Шоира Набиева ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг бош шифокори Тўлқин Расуловдан иборат Ўзбекистон делегацияси россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Ставрополга ташриф буюрган эди. Натижада Ставрополь давлат тиббиёт университетининг қўшимча касбий таълим институти билан ҳамкорлик тўғрисида 5 йиллик меморандум имзоланди.
Биргаликдаги фаолиятнинг илк белгиси Ставрополдаги бир ойлик малака бўлиб, унда ноябрь ойида қашқадарёлик олти нафар шифокор иштирок этган эди. Эндиликда режалаштирилган ўзаро ҳамкорлик дастури доирасида россиялик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларини нефрология курсида ўқитмоқда.
Гарчи машғулотларнинг якуний босқичида ставрополлик шифокорларининг келиши 23 мартдан 28 мартгача режалаштирилган бўлсада, янги воқеликларни ҳисобга олган ҳолда, эндиликда машғулотлар масофадан туриб олиб борилмоқда.
Онлайн ўқитиш Миллий палатанинг Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси ҳудудида ташкил этилган. Бўлим бошлиғи Шоира Набиеванинг таъкидлашича, янги шартлар лойиҳа қатнашчиларига давом этаётган машғулотлар самарадорлиги учун жавобгарликни кучайтирмоқда.
Инновацион соғлиқни сақлаш
миллий палатасининг матбуот хизмати.
Манба: ЎзА