Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусга 1 йил
2020-03-19 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 19 март куни илгари сурган 5 та муҳим ташаббуси доирасида ўтган 1 йил мобайнида юртимиз умумтаълим мактабларида турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур 5 ташаббуснинг 1 йиллиги муносабати билан Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтамиз.
Бугунги кунда Республикамизда 9942 та умумтаълим мактаблари фаолият юритаётган бўлса, уларда 6 миллиондан ортиқ ўқувчилар таълим олмоқда. Шуни таъкидлашимиз жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббус республикадаги барча таълим муассасаларигача кириб борди. Хусусан, таълим муассасаларининг 2,9 миллион нафар ўқувчилари тўгаракларга жалб қилинди.
Жумладан, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган биринчи ташаббус доирасида 779 563 нафар ўқувчилар тўгаракларда иштирок этишмоқда. Бундан ташқари, мактабларда 2108 та ҳаваскор ёшлар театр студиялари ташкил этилиб, 198 698 нафар ўқувчилар жалб этилди.
Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган иккинчи ташаббус доирасида эса, умумтаълим мактабларининг 1,1 миллиондан ортиқ ўқувчилари спорт тўгаракларига қатнашмоқда. Шунингдек, мазкур йўналиш доирасида ташкил этилган турли спорт мусобақаларига ўқувчилар фаол иштирок этмоқда ва барча таълим муассасалари қамраб олинмоқда.
Шунингдек, АҚШнинг “One-on-one basketball” компаниясининг “Harlem globetrotters” жамоасининг T.E.A.M.up дастури асосида 3 минг нафар ўқувчилар учун маҳорат сабоқлари ташкил этилди.
Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, ушбу ташаббус доирасида шу кунга қадар 444 607 нафар ўқувчиларимиз тўгаракларга жалб қилинди.
Шу билан бир қаторда, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Intech Robotics” МЧЖ ва “Innovative Service” МЧЖ компаниялари билан “Баркамол авлод” республика ўлкашунослик ва экология марказида RoboCraft робототехника курслари ҳамда “Баркамол авлод” республика техник ижодиёт марказида Robotrek инженер-конструктор, робототехника тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, 520 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган тўртинчи ташаббус доирасида ташкил этилган китобхонлик клубига 264 минг ўқувчилар аъзо бўлди. Қолаверса, республикамизда ташкил этилган “Book challenge” доирасида 600 мингдан ортиқ китоблар умумтаълим мактабларига совға қилинди.
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутилган бешинчи ташаббус доирасида ўқувчи-қизларнинг жамиятдаги фаоллиги ошириш, маънавиятини янада юксалтириш, иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоатчилик асосида таълим муассасаларида “Қизларжон” клублари ташкил этилди ва унда 377 762 нафар ўқувчи-қизлар аъзо бўлди. Клуб етакчилари томонидан "Тенгдош-тенгдошга" шиори остида олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир қиз илғор ўқувчилар сафида юришга, ўқишда, жамоат ишларида фаол бўлишга интилмоқда.
Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2019 йил октябрь-декабрь ойларида “5 ташаббус мактабда” фестивали ташкил этилиб, фестивалга 2,6 млн. нафар ўқувчилар жалб этилди. Мазкур фестивалда ғолибликни қўлга киритган таълим муассасаларга спорт анжомлари, мусиқа асбоб-ускуналари топширилди.
Шу ўринда алоҳида эътироф этиш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни таълим муассасалари ва ўқувчи-ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам 45,1 млрд. сўм ҳомийлик маблағлари ажратилди.
Ҳозирда бешта муҳим ташаббус доирасида юртимиз умумтаълим мактабларида ташкил этилган турли тўгараклар намунали фаолият олиб бориш билан бир қаторда, ўзининг натижасини бермоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги